Ўзбекистон | 12:21 / 29.10.2025
3483
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЮНЕСКО миллий комиссияларининг 12-йиғилиши бошланди

29 октябр куни Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессияси доирасида миллий комиссияларнинг 12-йиғилиши старт олди. Кун тартибида ёшлар сиёсати, давлат–жамият–хусусий сектор ҳамкорлиги, барқарор ривожланиш ва инклюзивлик масалалари муҳокама этилмоқда.

Фото: Telegram / Rasmiy_axborot_official

Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияларнинг 12-йиғилиши ўз ишини бошлади. Тадбир ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ўтмоқда.

Анжуманда ташкилот кун тартибидаги долзарб йўналишлар — ёшлар сиёсати ривожланиши, давлатлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, барқарор ривожланиш ҳамда инклюзивлик масалалари кўриб чиқилмоқда.

Йиғилишни ЮНЕСКО бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси раиси Гаяне Умерова очиб берди ва йиғилиш раиси этиб сайланди. У ўз нутқида кун тартибининг мазмунан бойлиги ва ЮНЕСКО фаолияти учун муҳим йўналишларни қамраганини таъкидлади.

Анжуман доирасида иштирокчилар амалий таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиши, шунингдек, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид