Ўзбекистон | 14:01 / 29.10.2025
1087
2 дақиқада ўқилади

Ядровий объектларда чиқиндилар билан ишлаш меъёрлари тасдиқланди

Адлия вазирлиги “Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талаблари”ни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат атом электр станциялари, кичик модулли ва тадқиқот реакторлари ҳамда бошқа ядровий қурилмаларнинг бутун ҳаёт циклида радиоактив чиқиндиларни хавфсиз бошқариш тартиб-қоидаларини белгилайди.

Фото: Dreamstime

Янгиланган меъёрий ҳужжат радиоактив чиқиндилар билан ишлашда инсон саломатлиги ва атроф-муҳит хавфсизлигини устувор қиймат сифатида белгилайди. Талаблар лойиҳалаш, эксплуатация, техник хизмат кўрсатиш ва фойдаланишдан чиқариш босқичларини қамраб олади.

Асосий талаблар ва мажбуриятлар:

  • дозиметрия ва назорат: ходимларнинг нурланиш дозаларини доимий индивидуал мониторинг қилиш;
  • таснифлаш: радиоактив чиқиндиларни фаоллик даражасига кўра тоифалаш, уларни ажратиш ва белгиланган қоидада сақлаш;
  • муҳофаза тўсиқлари: радиация тарқалишининг олдини олиш мақсадида муҳандислик ва технологик тўсиқларни қўллаш;
  • шахсий ҳимоя: барча ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари (ПҲВ) ва дозиметрлар билан таъминлаш.

Радиациявий назорат шакли объект лойиҳасида аниқ белгиланиб, эксплуатация ҳужжатларида қайд этилади. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ иш жараёнлари учун йўриқнома ва қўлланмаларни ишлаб чиқиши ва янгилаб бориши шарт.

Атом энергиясидан фойдаланиш жараёнида радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлишининг меъёрлари ҳамда йиллик режалаштирилган ҳажмлари (миқдорлари) расмий ҳисоботларда акс эттирилади. Ҳисобга олиш ва текшириш механизмлари баланс мансублилик чегаралари ва амалдагӣ стандартларга мувофиқ юритилади.

Мутасаддиларга кўра, меъёрий ҳужжатнинг амалга кириши радиоактив чиқиндилар билан ишлашдаги амалиётни халқаро талабларга мослаштириш, ҳисобдорликни кучайтириш ва хавфсиз ишлаш маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид