Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда радиоактив чиқиндиларни кўмиш олдидан баҳолаш талаблари жорий этилади
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида радиоактив чиқиндиларни кўмишдан олдин хавфсизликни баҳолашга қўйиладиган талабларни тасдиқлашни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ўзбекистон президенти фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида радиоактив чиқиндиларни кўмишдан олдин хавфсизликни баҳолашга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилишни режалаштирмоқда.
Қарор лойиҳасига кўра, радиоактив чиқиндиларни кўмишга қадар уларни тўплаш, саралаш, қайта ишлаш, кондициялаш ва сақлаш жараёнларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ягона талаблар белгиланади. Ҳужжатда хавфсизлик баҳолаши объектнинг тўлиқ “ҳаётий даври” — жойлаштириш ва лойиҳалаштиришдан тортиб, фойдаланиш, реконструкция, таъмирлаш, транспортда ташиш ҳамда фойдаланишдан чиқариш босқичларигача амалга оширилиши лозимлиги қайд этилган.
Талабларга мувофиқ, хавфсизликни баҳолаш нормал иш режимида ҳам, нормал фойдаланиш издан чиққан ҳолатларда, жумладан авариялар вақтида юзага келиши мумкин бўлган радиациявий таъсирнинг ходимлар, аҳоли ва атроф-муҳит учун мақбуллигини асослаб бериши шарт. Бу жараён санитар қоидалар ва меъёрлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда “градацияланган ёндашув” қўлланиб, талаблар ва назорат даражаси чиқиндиларнинг потенциал хавфлилиги ҳамда мумкин бўлган оқибатларга мутаносиб белгиланиши назарда тутилмоқда. Хавфсизликни баҳолаш детерминистик ва эҳтимолий таҳлил усуллари ёки уларнинг уйғунлиги асосида ўтказилиши мумкин.
Қарор лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Фанлар академияси билан келишилгани қайд этилган.
Мавзуга оид
18:47 / 10.02.2026
Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ташкил этилади
18:24 / 11.11.2025
Қозоғистонда қарийб 300 миллион куб метр радиоактив чиқинди тўпланиб қолди
14:01 / 29.10.2025
Ядровий объектларда чиқиндилар билан ишлаш меъёрлари тасдиқланди
15:00 / 14.10.2024