Ўзбекистон | 16:24 / 30.10.2025
22422
3 дақиқада ўқилади

Деҳқончилик ва чорва хавф остида – микробиолог олим

Микробиолог олим Бахтиёр Абдуғафурнинг ёзишича, иккинчи экин етиштиришдаги сув муаммоси ҳамда нархларнинг арзонлиги ва харажатларнинг қопланмаслиги сабабли Ўзбекистонда деҳқончилик билан шуғулланаётганлар камайиб боряпти. Бунинг натижасида оддий кундалик эҳтиёж маҳсулотларига бўлган талаб ҳам импорт ҳисобига қондирилиши мумкин. Шунингдек, яйловлар сифатининг ёмонлашуви ва касалликлар туфайли чорва сони ҳам қисқариб боряпти.

Фото: Facebook / bakhtiyor.rasulov.7

Микробиолог олим Бахтиёр Абдуғафур ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистонда деҳқончилик ва чорва етиштириш билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ҳақида ёзди.

«Ишим сабаб кўп вилоятларга бораман. Соҳамга оид вазиятларни таҳлил қилишга ҳаракат қиламан. Ушбу постдаги фикрларим ўта шахсий.

Деҳқончилик билан шуғулланаётганлар камайиб бормоқда.

Биринчидан, иккинчи экин етиштиришдаги сув муаммоси бўлса, иккинчидан, нархларнинг арзонлиги ва харажатларнинг қопланмаслиги. Халқ учун деҳқончиликнинг иқтисодий жозибаси – манфаати камайди. Бозорларимизда айрим сабзавотларнинг хориждан келтирилаётгани шу билан изоҳланади. Сабаби, айни вақтда аксарият сабзавот маҳсулотлари халқ томонидан етиштирилади.

Айтайлик, бозорда бир кило сабзининг нархи қанча? Нега нархи кўтарилганига ҳеч қизиқиб кўрдингизми? 2-3 йил олдин сув текин бўлгани, ҳатто уйдаги мол-қўйларга берилгани эсингиздадир.

Бу ўта хавотирли жиҳатдир. Шу кетиш бўлса, оддий кундалик эҳтиёж маҳсулотларига бўлган талаб ҳам импорт ҳисобига қондирилиши эҳтимол. Яқин келажакда аста ошиб борадиган бундай талаб иқтисодга катта юклама беради.

Иккинчи хавотирли жиҳат – чорва! Йилдан йилга чорва миқдор жиҳатдан камайишни бошлаган. Биринчидан, яйловлар сифати тушиб, қисқараётгани, иккинчидан, касалликлар кенг ҳудудларга тарқалаётгани.

Ҳозирги ҳолатда яйловларни ривожлантириш эмас, балки борини сақлаб қолиш ўта долзарб вазифадир. Айниқса, ўсимлик турлари, популяциялари ва ареалларини сақлаш муҳим тадбирга айланиши вазият тақозоси. Яқин-яқингача ёввойи – ўз ҳолича яшаб кўпаядиган ўсимликлар ҳақида қайғуришни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Қарангки, вазият жиддийлашиб, тасаввурларни ўзгартиришни талаб этмоқда. Масалан, янтоқ! Шу беозор ўсимлик ҳам қирилишга тушган, энди унинг уруғчилиги ҳақида бош қотириш керакка ўхшайди.

Ҳар қандай расмий баёнотлар берилгани билан ҳақиқий аҳволни бозор – иқтисод кўрсатиб беради. Бугун бир кило гўштнинг нархи қанча? Эслаб олдингиз-а?

Бу масалаларнинг ечимлари бор. Биз неча йиллардан бери илмий асосларини яратиш билан шуғулланамиз. Олимлар, мутахассислар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш лозим. Бизга беш йиллик, ўн йиллик... йигирма беш йиллик... режалар керак! Иқлим жиддий суръатларда ўзгаряпти. Ёмғирларнинг тортилгани, ҳароратнинг юқорилиги денгиздан томчи. Ёмон томонларини – ёмон сценарийларни ёзмадим. Иш унгача бормаслигини Худодан сўраб қоламан. Биринчи жумлани қайта ёзиб қўяман: бу шахсий фикрим», дея таъкидлаган Бахтиёр Абдуғафур.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид