Ўзбекистон | 09:44 / 14.11.2025
1049
2 дақиқада ўқилади

Чой етиштиришдан тортиб «ақлли «деҳқончилик»кача: Ўзбекистон ва Хитой янги лойиҳаларни муҳокама қилди

Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров Хитойнинг Анхой провинциясидаги «Анхой қишлоқ хўжалиги университети» директори Сао Хайцюн билан учрашув ўтказди. Томонлар аграр таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, «ақлли қишлоқ хўжалиги», чой етиштириш ва қайта ишлаш, сувни тежовчи технологиялар ҳамда биологик селекция йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинциясида жойлашган «Анхой қишлоқ хўжалиги университети» директори Сао Хайцюн билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий илмий ва инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Сао Хайцюн Тошкент давлат аграр университети билан йўлга қўйилган ҳамкорликни юксак баҳолади. У икки олийгоҳ ўртасида олиб борилаётган қўшма илмий тадқиқотлар ва талабалар алмашинуви дастурлари сўнгги йилларда сезиларли натижалар берганини қайд этди.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг аграр таълим соҳасида эришаётган ютуқларини алоҳида эътироф этди ва Тошкент давлат аграр университетининг 95 йиллик юбилейи муносабати билан самимий табрикларини изҳор қилди.

Учрашувда томонлар қишлоқ хўжалиги таълими, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, «ақлли қишлоқ хўжалиги»ни ривожлантириш, чой етиштириш ва қайта ишлаш, тупроқ унумдорлигини тиклаш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда биологик селекция йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзаро алмашинувини кучайтириш, шунингдек, Хитойнинг илғор аграр технологияларини Ўзбекистон аграр таълим тизимига татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид