Жаҳон | 08:45 / 30.10.2025
4539
2 дақиқада ўқилади

РФ армияси Украинага дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди

Россия қўшинлари 30 октябрга ўтар кечаси Украинага ракеталар ва дронлар билан зарба берди. Харкив, Суми, Запорижжя, Миколайив, Киев, Житомир, Винница, Хмелницкий вилоятлари устидан дронлар парвоз қилгани хабар қилинмоқда.

Ту-95МС Фото: Yuri Kochetkov/dpa/picture alliance

Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, 30 октябрга ўтар кечаси РФ армияси Киев ва Украинанинг бошқа минтақаларига дронлар ва ракеталар билан зарбалар берган. Уларнинг айтишича, Россия дронлари Харкив, Суми, Запорижжя, Миколайив, Днипропетровск, Киев, Черкасси, Кировохрад, Житомир, Винница, Хмелницкий вилоятлари устидан парвоз қилган. Дрон зарбалари аниқ қайси ҳудудларга берилгани кўрсатилмаган.

Киев вилоятининг Бориспол шаҳрида кечаси амалга оширилган ҳужум оқибатида хусусий уйда ёнғин келиб чиққан, иккита автомобил бутунлай йўқ қилинган, яна тўрттасига шикаст етган. Шу ернинг ўзида 36 ёшли аёл жароҳатланган ва юзи ҳамда кафтларида термик куйишлар, шунингдек, билак қисми ва болдирда жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Запорижжяга бир нечта “Искандер-М” ракетаси билан зарба берилган, бундан ташқари, шаҳарга дронлар томонидан оммавий ҳужум уюштирилган.

Украинадаги Telegram-каналлар маълумотига кўра, РФнинг Мурманск вилоятидаги “Оленья” аэродромидан еттита Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолёт ҳавога кўтарилган. Улардан Х-101 ва Х-55 туридаги қанотли ракеталар учирилади.

Бундан ташқари, Украина Ҳаво кучлари хабар беришича, РФнинг қанотли авиабомбалари Донецк ва Суми вилоятларига ҳам ташланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид