Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп ядровий қурол синовларини дарҳол тиклашни буюрди
АҚШ Мудофаа вазирлигига ядровий қурол синовларини бошлаш топширилди. Трампнинг бу билан тўлиқ портлатишлар, етказиб бериш воситаларини синаш ёки субкритик синовларни назарда тутгани ҳозирча аниқ эмас. АҚШ 1992 йилдан бери портлатишларни амалга оширмаган.
Доналд Трамп Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни буюрганини билдирди. “Бошқа давлатлар синов дастурларини ўтказаётгани сабабли, мен Мудофаа вазирлигига ядровий қуролимизни паритет асосида синашни бошлашни топширдим. Бу жараён дарҳол бошланади”, — деб ёзди АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида 30 октябрга ўтар кечаси.
Трампнинг айтишича, ҳозир АҚШда “бошқа исталган мамлакатга нисбатан кўпроқ ядровий қурол” мавжуд. “Россия — иккинчи ўринда, Хитой — катта фарқ билан учинчи. Лекин у беш йил ичида бизга тенглашади”, — деб қўшимча қилди республикачи.
Россия ва АҚШдаги ядровий каллаклар сонига оид очиқ маълумотлар ҳар хил, аммо умуман, уларнинг захиралари деярли бир хил. Бундан ташқари, ядровий арсеналларни баҳолашда фақат каллаклар сони эмас, балки уларни етказиб бериш воситалари миқдори ҳам ҳисобга олинади.
Ҳозирча Доналд Трамп тўлиқ ядровий портлатишларни, етказиб бериш воситаларини синашни ёки ўзаги портламайдиган, лекин каллакни текширишга қаратилган субкритик синовларни назарда тутгани аниқ эмас.
АҚШ 1992 йилдан бери тўлиқ ядровий синовларни ўтказмаган. Вашингтон 1996 йилда Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолагани ҳолда, уни ратификация қилмаган. Шундан бери АҚШ Невада полигонида еростида субкритик ядровий синовларни ўтказиб келмоқда.
Москва сўнгги ядровий синовни ҳали СССР мавжуд бўлган 1990 йилда ўтказган. Россия Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган ва ратификация қилган, аммо 2023 йилда имзосини қайтариб олган. Бу вақтга қадар АҚШ Россияни ядровий синовлар бўйича мораторийни бузганликда айблаб келган.
Сўнгги кунларда Владимир Путин аввал ядровий энергетик қурилмага эга чекланмаган масофага учадиган “Буревестник” қанотли ракетасини, сўнгра — ядровий энергетик қурилма билан жиҳозланган “Посейдон” сувости пилотсиз аппаратини синаш ҳақида баёнот берди. Шу билан бирга, Россиянинг тўғридан тўғри ядровий қурол синовлари ўтказгани эълон қилинмаган.
Мавзуга оид
22:26 / 07.06.2026
Бошловчи билан айтишиб кетган Трамп интервюни тўхтатди
20:25 / 07.06.2026
Трамп Хоминаий билан тўғридан-тўғри музокараларга тайёрлигини билдирди
14:20 / 06.06.2026
Трамп Нетаняҳудан нега норози?
22:15 / 05.06.2026