Жаҳон | 09:00 / 31.10.2025
4261
3 дақиқада ўқилади

Полша яна Россиянинг разведка самолётини тутиб олди

Полша расмийлари бир ҳафта ичида иккинчи марта Болтиқ денгизи устида Россиянинг разведка самолёти тутиб олинганини маълум қилди. Бу пайтда Полша ҳаво ҳудуди бузилмаган.

Фото: AP

Полша ҲҲКнинг иккита МиГ-29 қирувчи самолёти 30 октябр куни тонгда Болтиқ денгизи устида Полша ҳаво ҳудудига яқин жойда Россиянинг Ил-20 разведка самолётини тутиб олди. Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишнинг айтишича, бу охирги кунлардаги иккинчи шунга ўхшаш ҳолат.

Полша томони маълумотига кўра, Россия самолёти халқаро ҳаво ҳудудида транспондери ўчирилган ҳолда ва парвоз режасини тақдим этмасдан учган. Полша ҳаво ҳудуди бузилгани қайд этилмади. “Навбатчи гуруҳлар, учувчилар ва ердаги персоналнинг юқори жанговар шайлиги ва профессионаллиги туфайли операция тез, самарали ва хавфсиз ўтди”, — дея хабар берди Полша оператив қўмондонлиги X микроблогида.

Тутиб олиш чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси Россиянинг Украинага қарши оммавий зарбалари фонида содир бўлди, деб ёзади “Полша радиоси”. Полшада тун бўйи ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари ишлади, Полша ҲҲК ҳамда НАТОнинг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди.

Полша 28 октябр куни ҳам шунга ўхшаш ҳолат ҳақида хабар берган эди. Ўшанда ҳам Россиянинг Ил-20 самолёти Болтиқ денгизи устидаги халқаро ҳаво ҳудудида парвоз режасисиз ва транспондери ўчирилган ҳолда учган, лекин Полша ҳаво ҳудудига кирмагани айтилган. Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳодисаларни изоҳламади.

РФнинг Украинага қарши уруши фонида НАТО давлатлари бир неча бор дронлар ва самолётларнинг ўз ҳаво ҳудудига кириб кетиш ҳолатларини қайд этган. Айрим инцидентлар Россияга боғлиқ бўлган.

10 сентябр тонгида 19 та Россия дрони Полша чегарасини кесиб ўтгани айтилди, уларнинг катта қисми Беларус тарафдан келган. Тутиб олиш учун Полша ва бошқа НАТО мамлакатларининг қирувчи самолётлари жалб этилди. Варшава буни РФнинг қасддан амалга оширган ҳужуми, дея баҳолаб, Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ иттифоқчилар билан маслаҳатлашув сўради. Москва айбловларни асоссиз деб атади.

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид