Ўзбекистон | 21:08 / 31.10.2025
3440
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЮНЕСКО 80 йиллигига бағишлаб 80 минг дарахт ва бута экилади

«Боқий шаҳар» мажмуаси ҳудудида 1,2 гектар майдонда боғ барпо этилмоқда.

Фото: Экология вазирлиги

Самарқанд вилоятидаги 5 гектарлик ҳудудда ЮНЕСКО 80 йиллигига бағишлаб боғ барпо этилади. Лойиҳа «Меросга таяниб, келажак сари» шиори остида амалга оширилмоқда, деб хабар берди Экология вазирлиги.

31 октябрь куни Самарқанддаги «Боқий шаҳар» мажмуаси ҳудудида 1,2 гектар майдонда 564 туп дарахт ва бута экилди. Тадбирда Буюк Британиянинг ЮНЕСКО элчиси ва доимий вакили Анна Нсубуга, Буркина-Фасонинг ЮНЕСКО доимий вакили Флавиен Незиен, Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Экология вазири биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Ўрмон агенлиги директори Эркин Муҳитдинов, «Яшил лойиҳа» лойиҳалаш институти директори Олим Ҳакимов, халқаро делегация вакиллари иштирок этди.

Боғда қайрағоч, каталпа, япон сафораси, эман, шарқий чинор, от каштани, лола дарахти, форзиция, лаванда, шунингдек акация, тол, хурмо ва олма дарахтлари ўтқазилди.

Қайд қилинишича, боғ экологик инновациялар марказига айланади. Бу ерда сув сарфини камайтирувчи томчилатиб суғориш тизимлари, энергия тежовчи қуёш панеллари ва насослар, ёмғир сувини йиғиб, қайта фойдаланиш тизимлари, чиқиндиларни компост қилиш ва тупроқни бойитиш жойлари, маҳаллий табиий материаллардан ясалган йўлаклар ва ўриндиқлар қўйилади.

Режага кўра, боғ ЮНЕСКО 80 йиллигига бағишлангани учун рамзий маънода 80 мингта дарахт ва бута экилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид