Жаҳон | 19:53 / 31.10.2025
4397
3 дақиқада ўқилади

Трамп Россиянинг қатъий талаблари туфайли Путин билан саммитни бекор қилди – ОАВ

Financial Times маълумотларига кўра, Оқ уй АҚШ ва Россия президентларининг Будапештда Трамп томонидан эълон қилинган учрашувини бекор қилди, чунки Москва қатъий талаблар билан меморандум юборган ва уни Рубио билан Лавров муҳокама қилган.

Фото: Getty images

Financial Times (FT) маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг Будапештда бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувини Москванинг Украинага нисбатан қатъий талаблари туфайли бекор қилган. Қарор АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги «таранг телефон суҳбатидан» сўнг қабул қилинди, деб ёзди нашр 31 октябрь куни вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.

Суҳбат Россия Оқ уйга Украина бўйича ўз позициясини билдирувчи меморандум юборганидан кейин бўлиб ўтди. Таъкидланишича, Рубио ҳужжатни Лавров билан муҳокама қилди ва маслаҳатлашувлар якунида Трампга Москва музокараларга ва Путин билан учрашувни Будапештда ўтказишга тайёр эмаслигини билдирди.

Газета манбаларига кўра, Москванинг максималистик талаблари заррача ўзгармаган - Кремль Донбассни жангсиз топширишдан ташқари, Путин Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг «асосий сабаблари» деб атаган нарсани бартараф этишни талаб қилмоқда. Бундай талаблар орасида Украина Қуролли кучлари сонини чеклаш ва Украинанинг НАТОга қўшилмаслигини кафолатлаш бор.

Америка расмийлари орасидаги манбалар, шунга қарамай, Трамп агар бу қандайдир тараққиётга олиб келса, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича Россия билан бўлажак музокаралар учун очиқ қолишини таъкидлади.

Доналд Трамп 22 октябрь куни Путин билан учрашувни бекор қилганини маълум қилди. «Менга бу шунчаки нотўғри туюлди. Назаримда, биз етиб боришимиз керак бўлган жойга етиб боролмайдигандек эдик. Шунинг учун учрашувни бекор қилдим. Аммо биз буни келажакда амалга оширамиз», деди АҚШ президенти. Ушбу баёнотдан бир кун олдин у Россия президенти билан «беҳуда учрашув ўтказишни» истамаслигини таъкидлаган эди.

Владимир Путиннинг айтишича, Трамп учрашувни бекор қилишдан кўра, уни «кечиктириш ҳақида гапирган». Унинг таъкидлашича, учрашув ва уни ўтказиш жойи Америка томони томонидан таклиф қилинган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид