Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадан икки ой ичида 100 минг эркак чиқиб кетди
The Telegraph маълумотларига кўра, Украинада 22 ёшгача бўлган эркакларга чиқиш тақиқини бекор қилгандан сўнг, бу тоифага мансуб кишилардан кунига 1600 нафари мамлакатни тарк этмоқда. Жами олиб қаралганда, август ойи охиридан буён Украинадан Полшага 98,5 минг эркак ўтиб кетган.
Полша Киев эркакларга мамлакатдан чиқишга рухсат берган қонунни қабул қилганидан кейин Украинадан ёш эркакларнинг оммавий тарк этишини қайд этмоқда. Полша Чегара хизмати маълумотларига таяниб, Британиянинг The Telegraph газетаси 30 октябр куни хабар берганидек, сўнгги икки ой ичида Украинадан Полшага 18–22 ёшдаги деярли 100 минг эркак кириб келган.
Полша чегарачилари маълумотига кўра, 2025 йил январидан то август охирида янги меъёр кучга киргунча бўлган давр мобайнида Полшага 18–22 ёшдаги тахминан 45 300 украиналик эркак кирган. Кейинги икки ой ичида эса бу кўрсаткич 98 500 кишини ташкил этди, яъни кунига тахминан 1600 нафар.
28 августдан бошлаб 18–22 ёшдаги украиналик эркакларга мамлакатдан эркин чиқишга рухсат берилди. Унгача Россия бошлаган тўлақонли уруш сабаб Украинада жорий этилган ҳарбий ҳолат, айрим истиснолардан ташқари, 60 ёшгача бўлган балоғатга етган эркакларга мамлакатни тарк этишни тақиқлар эди.
Ички ишлар вазири Игор Клименко Telegram’да шундай ёзди: «Бу қадамнинг мақсади — аввало ёш украинларга хорижда ўқиш, амалиёт ва қонуний меҳнат қилиш учун кенгроқ имкониятлар яратиш, улар тўплаган тажрибасини кейинчалик Украинани ривожлантиришда қўллаши учун».
Украинадан эркаклар чиқишига қўйилган чеклов енгиллаштирилгандан сўнг, Германияда шу тоифадан келиб тушаётган вақтинча ҳимоя сўровлари ҳафтасига тахминан 100 тадан 1000 тагача ошгани. Бу ҳақда 15 октябр куни ГФР Ички ишлар вазирлиги томонидан маълум қилинди.
Умуман олганда, ГФРдан ҳимоя сўраётган украиналик фуқаролар сони ҳам кўпайди. ИИВ маълумотига кўра, 2025 йил май ойида рўйхатга олиш тизими орқали 7961 киши, августда — 11 277, сентябрда — 18 755 киши қайд этилди. Украиналиклар Турар жой тўғрисидаги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ яшаш рухсатномаси олади, бу эса уларга меҳнат бозорига дарҳол кириш ва ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Октябр охирида Бавария бош вазири ва Германияда ҳукмрон коалицияга кирувчи Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) раҳбари Маркус Зёдер ёш украиналик эркакларнинг ГФРга кириб келишини чеклашга чақирди. «Янада кўпроқ ёшлар Украинани ҳимоя қилиш ўрнига Германияга келса, бу ҳеч кимга фойда бермайди», — деди у Bild газетасига интервюсида.