Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша бир ҳафта ичида учинчи Россия самолётини тутиб олди
Тутиб олинган Россия разведка самолёти Полша ҳаво ҳудудини бузмаган, аммо рўйхатдан ўтказилган парвоз режаси бўлмаган ҳолда учган ва транспондерлари ўчирилган бўлган. Бу — бир ҳафта ичида учинчи шунга ўхшаш ҳодиса.
Фото: Artyom Anikeev/Stocktrek Images/picture alliance
Полша Қуролли кучларининг Оператив қўмондонлиги 31 октябр куни маълум қилишича, поляк қирувчилари Болтиқ денгизи устида бир ҳафта ичида учинчи марта Россия разведка самолётини тутиб олган. «Бу жорий ҳафтадаги учинчи шундай ҳолат бўлиб, Россия авиациясининг Болтиқбўйи минтақасидаги фаоллиги ошганини тасдиқлайди», — дейилади қўмондонликнинг X (твитер)даги аккаунтида.
Полша томонининг хабар беришича, ҳодиса тонгда содир бўлган. Россиянинг Ил-20 самолётини тутиб олиш учун навбатдаги жуфт МиГ-29 қирувчилари ҳавога кўтарилган. «Россия самолёти яна парвоз режасини тақдим этмасдан ва транспондерини ўчирган ҳолда учган, бу эса минтақада ҳаракат хавфсизлигига потенциал таҳдид туғдиради», — деб ёзди поляк ҳарбийлари. Баёнотда «Полша ҳаво ҳудуди бузилмагани» алоҳида таъкидланди.
Хабарда айтишларича, Полша армияси «тўлиқ жанговар тайёргарликда» бўлиб, НАТО иттифоқчилари билан яқин ҳамкорликда Россия Федерациясининг ҳар қандай «провокацион ҳаракатлари»га самарали жавоб бермоқда.
30 октябр тонгида ҳам Польша ҲҲКнинг икки МиГ-29 қирувчиси Болтиқ денгизида Полша ҳаво ҳудуди яқинида Россиянинг Ил-20 самолётини тутиб олган эди. Шунингдек, икки кун олдин — 28 октябр куни — ўхшаш ҳолат қайд этилган: ўшанда ҳам Россиянинг Ил-20’и халқаро сувлар устида парвоз режасисиз ва транспондер ўчирилган ҳолда учган, аммо Полша ҳаво ҳудудига кирмаган. Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳодисаларга изоҳ бермади.
Россиянинг Украинага қарши уруши фонида НАТО давлатлари ҳаво ҳудудига дронлар ва самолётлар кириб кетиши ҳолатларини бир неча бор қайд этди. Айрим ҳодисалар Россия билан боғлиқ.
10 сентябрга ўтар кечаси 19 та Россия дрони Полша чегарасини кесиб ўтган, уларнинг аксарияти Беларусдан учиб келган. Тутиб олиш учун Полша ва бошқа НАТО мамлакатлари қирувчилари жалб этилган. Варшава буни РФнинг онгли ҳужуми деб баҳолаб, Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашувни сўраган. Москва айбловларни асоссиз деб атаган.
Мавзуга оид
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
15:46 / 04.12.2025
Россияда Roblox ўйин платформаси блокланди
14:59 / 04.12.2025
Рютте: Украина ҳамкорлари Россияга босимни давом эттириши керак
13:47 / 04.12.2025