Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент кўчаларида чиябўри: У қаердан келиб қолди?
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ёввойи чиябўри юргани акс этган хабарлар тарқалди. Кейинроқ одамларни хавотирга қўйган бу жонзот ушланиб, ҳайвонот боғига топширилди. Kun.uz мухбири чиябўрининг Тошкентда қандай пайдо бўлгани билан қизиқиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганди.
Тошкент шаҳрида ёввойи чиябўри юргани акс этган хабарлар тарқалди. Кейинроқ одамларни хавотирга қўйган бу жонзот ушланиб, ҳайвонот боғига топширилди. Kun.uz мухбири ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида ҳайвонот боғида бўлиб, чиябўри Тошкентда қандай пайдо бўлиб қолгани билан қизиқди.
“Дархон атрофида яшовчи аҳоли хавфсизлигидан хавотир билдириб, шоқол юрибди, болаларимизга ҳужум қилиши мумкин, деган мурожаатларни билдиргач, Экология бошқармаси зудлик билан бу масалага эътибор қаратди. Улар биз билан боғланишди, чунки ҳайвонни ушлаш бўйича мутахассислар бизда бор. Биз айтдик — шоқолни ушлаш осон эмас, у одамларга яқинлашмайди. Агар ёввойи бўлса, умуман кўринмаслиги ҳам мумкин.
15 октябрдан ўрганиш ишлари бошланди: у қаерда яшаяпти, қаёққа бекиняпти, нима қиляпти — шулар кузатилди. Кейин Экология бошқармаси ходимлари Мирзо Улуғбек тумани Ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда ҳайвонни ушлаш тадбирини ўтказди. Шу тариқа, кечаси соат 23:00 ларда шоқол ушланиб, Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди”, — деди Тошкент ҳайвонот боғининг бошқарувчи компанияси бош директори ўринбосари Акмал Қурбонов.
Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларидан олган маълумотларимизга кўра, ушбу ҳайвон анча вақтдан бери шаҳар кўчаларида мушуклар билан яшаб юрган.
“Энди бу ҳайвонни ёввойи деб бўлмайди. Ушлашдан олдин ўша ҳудудда яшовчи одамлар билан суҳбатлашдик — кўпчилигининг айтишича, бу шоқол баҳорда, кичиклигиданоқ шу ерда пайдо бўлган. Oдамлар кўчадаги мушукларни боқишаркан, шунда овқат излаб келган. Кейин мушуклар билан бирга еб-ичиб, қочиб юрадиган одат пайдо бўлган. Ҳатто айримлар унга уя ҳам қўйишган — ит шекилли, яшасин, деб. Лекин у ерда доимий яшамаган.
Бир куни кечаси кўчада дайди итлар мушукларга ҳужум қилганда, мушуклар дарахтга қочиб кетган, бу эса қаёққа қочишни билмай, эски Консерватория томонга қочган. Шу пайтда унинг сурати ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган”, — деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Акмал Қурбонов.
Шоқол ҳайвонот боғига олиб келинганидан сўнг, ҳозирги кунда карантинда сақланмоқда.
“Орқамизда турган бино — карантин биноси. Ҳайвонот боғига қандай ҳайвон келмасин — каламуш бўладими ёки фил бўладими, аввало шу ерда карантиндан ўтиши шарт. Чунки уни текширмасдан ичкаридаги ҳайвонлар ёнига қўйиб бўлмайди.
Ҳозир айнан шу бинода, орқамизда турган қафасда шоқол яшаяпти. Тўрт кундан ортиқ вақт бўлди, аҳволи яхши. Илгари Тошкент ҳайвонот боғида шоқоллар бўлган, аммо ҳозир йўқ. Бу — биринчиси.
Шоқоллар одатда ёввойи табиатда жуфт бўлиб, ёки оилавий гуруҳда — тўрт-бештаси бирга яшайди. Табиатда улар 8-10 йилгача, ҳайвонот боғида эса 15-16 йилгача умр кўради. Ҳар куни овқат ва витамин олади. Шунинг учун, эҳтимол, унга кейинчалик шерик ҳам қидиришимизга тўғри келади”, — деди Тошкент ҳайвонот боғининг бошқарувчи компанияси бош директори ўринбосари Акмал Қурбонов.
Хўш, аслида ушбу ҳайвоннинг одамлар учун хавфли томонлари борми ўзи?
“Агар шоқолнинг одамлар учун хавф даражасини олсак, у, аслида, одамга яқинлашмайди. Биринчидан, ҳужум қилмайди — ҳеч бўлмаганда, Тошкент ёки Ўзбекистон ҳудудида шундай ҳолат кузатилмаган. У ташланмайди, фақат қўрқса қочиб кетади. Энг кўпи билан, тишлаб олиши мумкин холос”, — деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Акмал Қурбонов.
Ҳайвонот боғи ходимлари маълум қилишича, Тошкент шаҳрида ёввойи бўрилар йўқ. Улар асосан тоғли ҳудудларда яшар экан. Шунинг учун ҳам ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.
Довудхон Ғуломжонов,
Бобурмирзо Анваров,
Боймирза Ҳалилов,
Kun.uz
Мавзуга оид
12:59 / 24.11.2025
Тошкент, Навоий ва Тошкент вилояти саноат ишлаб чиқаришида пешқадам
10:27 / 14.11.2025
Тошкент Марказий Осиё раҳбарларининг еттинчи саммитига мезбонлик қилади
12:46 / 11.11.2025
Тошкентда чиқинди қарзи туфайли 6 минг абонентнинг электр тўлови вақтинча чекланди
15:01 / 10.11.2025