Ўзбекистон | 01:45 / 03.11.2025
127560
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди

Афғонистонда юз берган ер силкиниши Ўзбекистон вилоятларида сезилди: Сурхондарёда – 5 балл, Қашқадарёда – 3–4 балл, қолган ҳудудларда – 2–3 балл атрофида.

3 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 01:29 да Афғонистоннинг Самангон вилоятида зилзила содир бўлди, унинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди, деб хабар қилди ФВВнинг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази.

Эпимарказдаги силкиниш кучи 7 баллга баҳоланмоқда. Магнитудаси 6,8, марказ 30 км чуқурликда жойлашган.

Зилзила Ўзбекистонда қуйидагича сезилди:

  • Сурхондарё вилоятида 5 балл, зилзила ўчоғидан 90 км узоқликда;
  • Қашқадарё вилоятида 3−4 балл, 302 км;
  • Самарқанд вилоятида 3 балл, 358 км;
  • Жиззах вилоятида 3 балл, 410 км;
  • Навоий вилоятида 3 балл, 444 км;
  • Бухоро вилоятида 3 балл, 451 км;
  • Сирдарё вилоятида 3 балл, 464 км;
  • Тошкент шаҳрида 2−3 балл, 557 км;
  • Фарғона вилоятида 2−3 балл, 579 км.

Ижтимоий тармоқларда кузатув камераларида ёзиб олинган видеолар тарқалди. Видеоларнинг аксарияти Афғонистон билан чегарадош бўлган Термиздан йўлланган.

Кадрларда силкинишлар бир дақиқадан кўпроқ вақт давомида турли интенсивликда давом этганини кўриш мумкин. Видеолардан бирида энг кучли силкинишлар пайтида кўча чироқлари ўчган, шунингдек, одамлар уйлардан кўчага югуриб чиққан.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид