Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Германияга Patriot мажмуалари учун миннатдорлик билдирди
Германия Украина ҳаво мудофаасини Patriot зенит-ракета комплекслари билан мустаҳкамлашга ёрдам берди, деди Володимир Зеленский, аммо янги ЗРК сони ва тўплами ҳақида аниқ маълумот келтирмади. Бундан аввал Бундесвер захираларидан икки комплекс бериш режаси ҳақида хабар қилинган эди.
Фото: ABBfoto/picture alliance
Украина президенти Володимир Зеленский Германияга Америка ишлаб чиқарган Patriot ЗРКни етказиб бергани учун миннатдорлик изҳор этди. «Украина ҳаво мудофаамиздаги “патриотлар” таркибий қисмини мустаҳкамладик», — деб ёзди у 2 ноябр куни Telegram’да.
«Германияга ва шахсан канцлер Фридрих Мерцга одамлар ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу қадам учун миннатдорчилик билдираман. Бир қанча вақт давомида ҲҲМни кучайтиришга тайёргарлик кўрдик ва энди эришилган келишувлар бажарилди», — деб қўшимча қилди Зеленский.
Зеленский Германиядан Украинага нечта Patriot тизими берилгани, қайси конфигурацияда ва қайси маблағга етказилганини очиқламади. Норасмий German Aid to Ukraine (“Германия ёрдами Украинага”) Twitter-аккаунти маълум қилишича, сўз MIM-104 Patriot'нинг икки тизими ҳақида бормоқда: улар Бундесвер захираларидан Дания, Литва ва Норвегия маблағлари ҳисобидан Киевга берилгани айтилди.
DW Германия Мудофаа вазирлигига ушбу маълумотни тасдиқлаш учун мурожаат қилди. Идора эслатишича, 2025 йил июл ойи ўртасида вазир Борис Писториус Пентагонга ташрифдан сўнг «Германия Украинага яна иккита Patriot тизимини тақдим этади», деб келишган эди. «Пит Хегсет билан тузилган келишувга мувофиқ, Германия АҚШдан янги Patriot тизимларини сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга бўлади», — дейилган вазирлик жавобида.
Шунингдек, Берлин Украинага барча бошқа иттифоқчи мамлакатларга қараганда кўпроқ Patriot тизимларини бергани, Россиянинг комплекс ҳужумларига қарши турадиган IRIS-T ва Skynex тизимлари билан Киевни қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди. Вазирлик 2025 йил 1 август куни чиқарилган пресс-релизга ишора қилди, унда Украинага иккита Patriot етказиш нияти баён этилган. «Ҳарбий хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган етказиб беришлар ҳақида қўшимча тафсилотларни очиқламаймиз. Бу борадаги маълумотни фақат Украина томони тақдим этиши мумкин», — дейилди баёнотда.
Ёзда Германия ҳукумати АҚШ билан Украина учун иккита Patriot ЗРК сотиб олиш бўйича келишганини маълум қилган эди. Ўшанда мудофаа вазири Борис Писториус жами бешта Patriot тизими Украина учун зарурлигини айтган ва «Германия ўз ҳиссасини қўшади», деб ваъда берган.
ГФР Мудофаа вазирлиги DW’га Берлин Украина учун яна иккита қўшимча Patriot тизимини молиялаштиришга рози бўлгани, қолганларини эса «ҳамкорлар етказишни исташи»ни билдирган эди.
Мавзуга оид
11:47
Сўров: немислар ҳукумат ва пенсия тизимидан норози
08:40
Мерц АҚШга Россиянинг музлатилган активларини беришга қарши чиқди
16:30 / 04.12.2025
Берлин Украинага қурол-яроғ ёрдамини 200 млн долларга оширади
16:43 / 03.12.2025