Иқтисодиёт | 07:19 / 04.11.2025
14819
2 дақиқада ўқилади

Буғдой етиштиришда етакчи минтақалар ва мамлакатлар — 2025

АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ташқи қишлоқ хўжалиги хизмати (USDA FAS) маълумотларига кўра, жорий мавсумда дунё бўйича буғдой етиштириш таъсирчан чегарага етди.

Фото: Shutterstock

Европа Иттифоқи ва Хитой ҳар бири тахминан 140 миллион тоннадан буғдой етиштириб, биринчи ўринни бўлишди ва ушбу йўналишда жаҳон етакчилари мақомини мустаҳкамлади.

USDA’нинг янгилaнган ҳисоботи дунёдаги буғдойнинг асосий қисми қаердан келиши бўйича тасаввур беради.

Қуйида энг катта ўнта етиштирувчи (миллион тоннада):

Европа Иттифоқи — 140;
Хитой — 140;
Ҳиндистон — 117,5;
Россия — 85;
АҚШ — 52,4;
Канада — 36;
Австралия — 34,5;
Покистон — 28,9;
Украина — 23;
Аргентина — 19,5.

Фото: World Visualized

Жами ушбу мамлакатлар дунёдаги буғдой етиштиришнинг 90 фоизидан ортиқ қисмини таъминлайди. Бу эса глобал ҳажмлар ҳануз чекланган сонидаги ҳудудларда жамланганини кўрсатади.

Буғдой инсоният истеъмол қиладиган калорияларнинг тахминан 20 фоизини берувчи, сайёрадаги энг муҳим озиқ-овқат экинларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бироқ 2025 йилга келиб унинг аҳамияти фақат озиқ-овқат вазифаси билан чекланиб қолмаяпти — буғдой глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига бардошлилик ва жаҳон савдоси барқарорлиги ҳақидаги мунозараларнинг марказида турибди.

Сўнгги йиллардаги дунё воқеалари — Шарқий Европадаги можаролардан тортиб иқлим ўзгариши туфайли келиб чиққан қаҳатчилик ва тошқинларгача — буғдойни доимий равишда эътибор марказида ушлаб турибди.

ЕИ ва Хитой пешқадам бўлса-да, Ҳиндистон тез суръатларда оралиқни қисқартирмоқда. Мамлакат юқори ҳосилдор навлар ва суғориш тизимларига фаол сармоя киритмоқда. Шунга қарамай, аҳоли сони ўсиши ва ички талаб юқорилиги сабаб ҳинд буғдойининг асосий қисми ички бозорда қолмоқда ва экспортга чиқарилмаяпти.

Россия ва АҚШ Африка ва Яқин Шарқ бозорларига буғдой етказиб берувчи йирик экспортчи сифатида ҳал қилувчи ролни сақлаб қолмоқда. Канада ва Австралия эса кучайиб бораётган иқлим хавфларига қарамай, сифат ва барқарор етиштириш бўйича стандартларни белгилашда давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид