Спорт | 19:56 / 04.11.2025
11686
3 дақиқада ўқилади

Дэвид Бекҳэм рицар унвонини олди

Футбол бўйича Англия миллий жамоаси собиқ сардори, «Манчестер Юнайтед» клуби афсонаси Дэвид Бекҳэм рицар унвонига эга бўлди. Олий мукофотни 50 ёшли футболчига Британия қироли Чарлз III топширди.

Фото: Jonathan Brady / PA / AP / Scanpix / LETA

Буюк Британия қироли Чарлз III Беркширдаги Виндзор қасрида ўтказилган маросимда собиқ футболчи Дэвид Бекҳэмни рицарлик унвони билан тақдирлади.

Одатга кўра, монарх Бекҳэмнинг икки елкасига қилични теккизиб қўйди. Бу вақтда спортчи одат бўйича Британия қироли қаршисида тиззасини ерга текизган кўйи чўккалаб турди.

Дэвид Бекҳэмга рицар унвони Британия футболи ва жамияти олдидаги меҳнатлари учун топширилди.

Бекҳэм рицарлик унвонини олганидан чексиз фахр туяётганини айтиб ўтган:

Одамлар менинг қанчалик ватанпарвар эканлигимни билишади – мен ўз ватанимни севаман. Мен ҳар доим монархия оилам учун қанчалик муҳимлигини айтиб келганман. Мен бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиш бахтига муяссар бўлдим ва барча одамлар мен билан фақат бизнинг монархиямиз ҳақида гаплашишни хоҳлашади. Мен бундан фахрланаман.

Унга маросимда турмуш ўртоғи собиқ қўшиқчи, айни пайтда мода соҳасида фаолият юритадиган Виктория Бекҳэм, шунингдек, ота-онаси Сандра ва Дэвид ҳамроҳлик қилган.

2017 йилда мода соҳасидаги хизматлари учун Британия империяси ордени офицери унвонига сазовор бўлган Виктория Бекҳем турмуш ўртоғи маросимда кийган костюмни ўзи тикиб берган.

Эндиликда футболчи сэр, унинг туршум ўртоғи эса леди мақомига эга бўлди.

Дэвид ва Виктория Бекҳэм Виндзор қасрида, 2025 йил 4 ноябр
Andrew Matthews / AFP / Scanpix / LETA

Бекҳэм 2005 йилдан бери Unicef гуманитар ташкилоти билан ҳамкорлик қилади.

2003 йилда у қиролича Елизавета II томонидан Британия империяси ордени офицери унвонига сазовор бўлганди. 2022 йилда қиролича вафот этганида, у 12 соатдан кўпроқ вақт давомида унинг тобути учун навбатда турган.

2024 йилда Бекҳем талабалар учун таълим курсларини таклиф қилувчи Қироллик жамғармасининг элчиси этиб тайинланган.

  • Дэвид Бекҳэм футболчилик фаолияти даврида «Манчестер Юнайтед», «Реал», «Милан», ПСЖ, «Лос-Анжелес Гэлакси» клубларида ўйнаган. «Юнайтед» билан у олти марта Англия Премер-лигасида ғолиб чиққан, 1999 йилда Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган. У Англия миллий жамоаси сафида 115 ўйинда майдонга тушиб, 17 гол урган. Айни вақтда Бекҳэм Американинг Лионел Месси тўп сураётган «Интер Майами» футбол клуби раҳбарларидан бири ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид