Жаҳон | 23:05 / 04.11.2025
12536
5 дақиқада ўқилади

Донбасс учун муҳим шаҳар. Покровск фронтидаги вазият ҳақида

Украинанинг Покровск шаҳри айни дамда фронтдаги энг қайноқ нуқта бўлиб турибди. Россия 300 мингдан кўпроқ одам яшайдиган бу шаҳарда минглаб украин қўшинлари қуршовда қолганини айтмоқда, Киев эса Покровск сақлаб қолинишига ишоняпти. Хўш, шаҳарда вазият қандай? Нега бу кичик шаҳарни олиш учун руслар бир неча ойдан буён ҳаракат қиляпти ва нега Украина нима қилиб бўлса ҳам Покровскни сақлаб қолмоқчи? Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Донбасс учун муҳим шаҳар

Украинанинг Донецк областида жойлашган Покровск шаҳрида 2022 йил ҳисоби бўйича 350 мингдан кўпроқ одам яшайди. Ҳозир табиийки шаҳарда бунча одам яшамайди. Руслар Красноармейск деб атайдиган Покровск Донбассдаги кўмир ишлаб чиқарадиган марказлардан бири. Уруш даврида Покровск Украина армияси учун муҳим логистика марказига айланди. Бу шаҳар бой берилса, Славянск ва Краматорск томон йўл очилади. Бу Украина Донбасс назоратини тўлиқ бой беришига олиб келиши мумкин.

«Руслар ҳамма ерда»

Россия армияси штаб бошлиғи Герасимов президент Путинга «5500 минг ВСУ аскари қуршовда экани» ҳақида ҳисобот берганди. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмадим, лекин Покровск мудофаасида Украина жиддий муаммога дуч келганга ўхшаяпти. Украин телеканалига интервю берган, шаҳар учун жангларда қатнашаётган ҳарбийлардан бирининг айтишича, русларни шаҳарнинг барча ҳудудларида учратиш мумкин. «Позициялар қўлдан қўлга ўтмоқда, руслар шаҳарнинг қайсидир қисмида ўрнашиб олди деб бўлмайди», деб қўшимча қилган «Гус» чақирув номли ҳарбий.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Руслан Левиевнинг фикрича, Покровск тез орада руслар томонидан эгалланади ва Киев учун уни сақлаб қолиш имконсиз. Шунингдек, Левиев Мирноград ва Покровскдан шарқдаги украин қўшинларига ҳам осон бўлмаслигини қўшимча қилган. Россия ҳозир бор эътиборни Покровскни эгаллашга қаратган ва шу сабаб Константиновка йўналишида интенсивликни сусайтиргани айтилмоқда. Украиналик собиқ ҳарбийлар орасида ҳам Покровскни сақлаб қолиш имконсиз экани, ҳарбийлар ҳаётини сақлаб қолиш муҳимлиги борасида чақирувлар янграяпти.

«Сақлаб қоламиз»

Украина ҳарбий раҳбарияти эса Покровскни бой беришни истамаяпти. Зеленский бошчилигида ўтган охирги йиғилишдан кейин шундай баёнотлар янгради. Зеленский Покровск йўналишида «натижа борлигини» айтди, лекин айнан қандай натижа эканига тўхталмади. Украина армияси бош қўмондони генерал Сирский ҳам ўз саҳифасида ҳарбийлар билан харита устидаги видео эълон қилиб, «Покровск ва Мирноградни сақлаб қоламиз», деб ёзди.

Десант операцияси

Покровск атрофидаги охирги вақтларда тарқалган энг шов-шувли хабар Украина шаҳарга десант ташлагани бўлди. Украина бош разведкачиси генерал Кирилл Буданов ҳам катта эҳтимол Покровскка борган. Рус нашрларига кўра, Украина ҳарбий разведкаси махсус кучларининг 11 нафар ҳарбийси вертолётдан Покровск яқинига ташланган ва улар ўлдирилган. Ҳозирча бунинг исботи йўқ. Шунингдек, рус нашрларига кўра, бу махсус гуруҳ «хорижлик ҳарбийларни эвакуация қилиш учун» юборилган.

Киев ҳозирча бу десант ташлашдан мақсад нима бўлгани, операция қандай якунлангани ҳақида маълумот бергани йўқ. Лекин Украина бутун бошли генерал Будановни Покровскка юборганининг ўзи шаҳар қанчалик муҳим эканини кўрсатади.

Нега?

Хўш, Россия Покровскни олса, нима бўлади, руслар шундоғам ўнлаб шаҳарларни олган-ку, дейишингиз мумкин. Аввало Покровск Донецк мудофааси учун жуда муҳим, унинг бой берилиши бутун Донбасс назорати қўлдан кетишига олиб келиши мумкин. Агар Россия Донбассни куч билан босиб олса, музокараларда янада кучли позицияда бўлади. Кейин Путин Трампга «Доналд, ўтган учрашувда Киев Донбассни ташлаб чиқсин, урушни тугатамиз, дегандим. Мана, биз Донбассни олиб бўлдик, энди фалон-фалон шартларни бажаришсин», дейиши мумкин бўлади. Музокаралар бўлмаяпти-ку, дейишингиз мумкин, лекин бўлади, барча урушлар охири музокара билан тугаган.

Ҳа, азизлар, Покровск урушда бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Биз бу шаҳар атрофидаги воқеаларни диққат билан кузатиб, фронтдаги вазият ҳақида сизга хабар бериб борамиз. Энг ишончли, текширилган хабарлардан бехабар қолмаслик учун Kun.uz саҳифаларига обуна бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид