Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина дронлари Россиянинг бир нечта ҳудудига зарба берди
Украина Қуролли кучлари 18 июлга ўтар кечаси Россиянинг бир нечта ҳудудига дронлар билан ҳужум қилди. Тамбов вилоятида Wildberries логистика марказида чиққан ёнғин оқибатида етти киши ҳалок бўлгани, 24 нафар инсон жароҳатлангани маълум қилинди. Москва, Владимир, Ленинград вилояти ва Қримда ҳам ҳаво ҳужумлари қайд этилди.
Украина Қуролли кучлари (УҚК) 18 июлга ўтар кечаси Россиянинг бир нечта вилоятига учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) билан ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Россия расмийлари ҳамда бир қатор мустақил манбалар хабар бермоқда.
Тамбов вилояти губернатори Евгений Первишов маълум қилишича, Котовск шаҳрида жойлашган Wildberries маркетплейсининг логистика марказига дронлар ҳужуми натижасида ёнғин чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, омборда ишлаган етти нафар ходим ҳалок бўлган, яна 24 киши турли даражада жароҳат олган.
Ҳодиса жойини Astra Telegram-канали очиқ манбалар (OSINT) таҳлили асосида тасдиқлаганини билдирди. Канал маҳаллий аҳоли томонидан тасвирга олингани айтилган видеоларни эълон қилди. Украинага яқин мониторинг канали Exilenova+ ҳам шу каби видеоларни, жумладан Wildberries омборидаги ёнғин акс этган лавҳаларни тарқатди.
Владимир вилояти губернатори Александр Авдеевнинг маълум қилишича, вилоят марказида дрон турар жой биносидаги квартирага урилган. Оқибатда ёнғин чиққан ва хавфсизлик нуқтаи назаридан аҳоли вақтинчалик жойлаштириш марказига эвакуация қилинган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодисада жабрланганлар йўқ.
Москва шаҳар мэри Сергей Собянин эса пойтахтга қилинган дрон ҳужумлари ҳаво мудофаа тизимлари томонидан қайтарилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, аввал етти, кейин 15 ва яна 11 та, жами 33 та дрон йўқ қилинган. Кейинроқ у Москва ҳудудига умумий ҳисобда 370 дан ортиқ дрон йўналтирилганини маълум қилди. Ҳозирда қулаган дрон қолдиқлари тушган жойларда фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда.
Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко ҳудуд осмонида олтита дрон уриб туширилганини маълум қилди.
Украинанинг Exilenova+ мониторинг каналига кўра, Москва вилоятининг Электростал шаҳрида ҳам Wildberries омборида ёнғин чиққан. Шунингдек, Ногинск шаҳрида жойлашган нефт базасида ёнғин кузатилгани ҳақида маҳаллий аҳоли тасвирга олгани айтилган видеолар тарқатилди. Бироқ бу маълумотлар ҳозирча Москва вилояти расмийлари томонидан тасдиқланмаган.
Канал, шунингдек, Твер шаҳрида ҳам портлашлар юз берганини даъво қилган. Аммо Твер вилояти маъмурияти бу хабарларга ҳозирча изоҳ бермаган.
Украинанинг «Қрим шамоли» мониторинг канали маълум қилишича, 18 июлга ўтар кечаси Россия томонидан қўшиб олинган Қрим ҳудуди ҳам дронлар ҳужумига учраган. Хабарларга кўра, Севастопол, Керч, Феодосия ҳамда ҳарбий авиабаза жойлашган Гвардейское посёлкасида ҳужумлар қайд этилган.
Россия томони тайинлаган Севастопол раҳбари Михаил Развожаев тунда шаҳарда ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинганини, тахминан икки ярим соатдан кейин эса хавф бекор қилинганини маълум қилди.