Жаҳон | 11:51 / 04.11.2025
3310
3 дақиқада ўқилади

Малдивда 2007 йилдан кейин туғилганларга чекиш тақиқланди

Бу туристларга ҳам тааллуқли бўлади.

Малдив ороллари ёш авлод учун чекишга умуммиллий тақиқ жорий этилган дунёдаги биринчи давлат бўлди: орол давлати ҳукумати 2007 йил 1 январдан кейин туғилганларнинг барчасига, шу жумладан сайёҳларга чекишни ва тамакини тарғиб қилишни тақиқлади.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган дам олиш кунлари мамлакат ҳудудида ёш авлод учун тамаки истеъмол қилиш, сотиб олиш ёки сотиш ноқонуний бўлишини эълон қилди.

Тақиқ «ҳукуматнинг ёшларни тамаки зараридан ҳимоя қилишга қатъий содиқлигини акс эттиради», деди вазирлик.

Малдив Республикаси тамакига қарши кураш кенгаши раиси ўринбосари Аҳмад Афаал BBC билан суҳбатда мамлакатда ўтган йили эълон қилинган вейпингга умумий тақиқ «тамаки истеъмол қилмайдиган фуқаролар авлоди йўлидаги яхши қадам» бўлганини айтган.

Янги тақиқ «барча турдаги тамакига нисбатан қўлланади ва сотувчилар харидорларнинг ёшини текшириши шарт», дейилдаи Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида. Бу давлатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши доиравий конвенцияси доирасидаги мажбуриятларига мос келиши қўшимча қилинган.

БМТнинг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича органи маълумотларига кўра, ушбу конвенция «глобал муаммога, яъни тамаки чекиш эпидемиясига глобал жавоб бўлади».

Афаал вейпинг тақиқланиши дастлабки муҳим қадам бўлгани, чунки «бу янги замонавий гаджетлар – ёш авлодни уларнинг соғлиғига аниқ зарар етказадиган одатга айлантирувчи жараёнларга жалб қилишга қаратилган саноат тактикаси ҳисобланиши»ни таъкидлаган.

Ўтган йили Малдив ороллари ёшидан қатъи назар, электрон сигареталар ва вейпинг маҳсулотларини олиб кириш, сотиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ёки тарқатишни тақиқлаганди.

Осиёнинг кўплаб давлатларида электрон сигареталар ва вейпларга шунга ўхшаш тақиқлар аллақачон амал қилмоқда. Масалан, Сингапурда бундай қурилмаларни олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун катта жарималар белгиланган.

Малдив оролларига келган сайёҳлар ҳам қонунга риоя қилиши керак бўлади, аммо Афаалнинг таъкидлашича, чекишни тақиқлаш туризм саноатига таъсир қилмайди.

«Одамлар Малдив оролларига чекиш учун келишмайди. Улар пляжлар, денгиз, қуёш ва тоза ҳаво учун келишади. Келгуси йилда 2 миллиондан ортиқ [туристлар] келишини прогноз қиляпмиз», – дея қўшимча қилди у.

Шунга ўхшаш тақиқни Янги Зеландия ҳам жорий этмоқчи эди, бироқ 2023 йилда янги ҳукумат ҳокимиятга келиши билан бу режалар кейинга қолдирилди.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Риши Сунак ҳам 2009 йилда ёки ундан кейин туғилган ёшларга чекишни тақиқловчи қонунни қабул қилмоқчи бўлган.

Ҳозирги лейбористлар ҳукумати ушбу қонуннинг ўз версиясини киритди, у ҳозирда парламентда кўриб чиқилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид