Ўзбекистон | 18:52 / 04.11.2025
3385
2 дақиқада ўқилади

Tashkent Medical Smart City тиббиёт шаҳарчаси қурилади

Жанубий Кореянинг Haehan Architecture компанияси иштирокида ташкил этилган «TMSC» компанияси томонидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманининг 400 гектар майдонида Tashkent Medical Smart City тиббиёт шаҳарчаси қурилади.

Фото: Shutterstock

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманининг 400 гектар майдонида Tashkent Medical Smart City тиббиёт шаҳарчаси қурилади. Шу ҳақдаги қарор лойиҳаси Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан муҳокама учун эълон қилинди.

Лойиҳа Жанубий Кореянинг Haehan Architecture компанияси иштирокида ташкил этилган «TMSC» компанияси томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда 5 млрд АҚШ доллари миқдорида бевосита хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши тўғрисида келишувга эришилган.

Лойиҳага кўра, ажратилган ер майдонида йирик тиббиёт муассасаси, шошилинч тиббий ёрдам маркази, Кореянинг халқаро тиббиёт университети филиали, тиббиёт йўналишдаги халқаро мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, Корея услубдаги квартали (маданий, тижорий ва овқатланиш кўчаси, туристик объектлар ва х.к.), бизнес ва савдо маркази, меҳмонхоналар, кўп қаватли уй-жой мажмуаси қурилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа 2025−2034 йилларда амалга оширилади. Бунда белгиланган инвестиция маблағларининг тўлиқ ўзлаштириш ва объектларни фойдаланишга топшириш ҳамда 7000 дан ортиқ янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган.

Қайд қилинишича, дастлаб ер участкаларидаги мавжуд дарахт ва буталар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Лойиҳа остига тушган дарахт ва буталарни кўчириш имконияти бўлмаса, ҳар бири ўрнига компенсация тариқасида 30 тупдан, 3 ёшдан кам бўлмаган дарахт экиш мажбурияти юкланади.

Шунингдек, инвесторлар ва уларнинг лойиҳа компанияларига кўчиришга рухсат берилган ҳар бир дарахт ўрнига компенсация тариқасида 10 тупдан, 3 ёшдан кам бўлмаган дарахт ва бута экиш ҳамда кўчиришга рухсат берилган дарахтларни 3 йил давомида парваришлаш мажбурияти юкланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид