Ўзбекистон | 18:55 / 04.11.2025
13563
2 дақиқада ўқилади

Хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат бериладиган касалликлар рўйхати тузилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 та касаллик ва ҳолат рўйхатини эълон қилди.

Фото: Getty images

Транспорт воситасини бошқаришда хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат бериладиган касалликлар ва ҳолатлар рўйхати ҳақидаги буйруқ лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Рўйхатга 17 та касаллик ва ҳолат киритилган:

- Умров ва тўш суяги синиши;

- елка камари синиши;

- қовурғалар синиши;

- умуртқа поғонасининг компрессион синиши;

- ўпканинг сурункали обструктив касалликлари (IV босқич);

- бронхиал астма (IV босқич);

- ўпканинг интерстициал зарарланиши;

- ўпканинг бир қисми ёки бутун қисмини (чап ёки ўнг) олиб ташланиши;

- сурункали юрак етишмовчилигининг III босқичи ва декомпенсация босқичи;

- III даражали (морбид) семизлик (BMI ≥ 40);

- паст бўйлик (нанизм) — 150 см дан паст;

- қўл ёки елка ҳаракатини чекловчи неврологик касалликлар;

- терининг кўкрак қисмида жойлашган оғир аллергик ёки дерматологик касалликларининг оғир шакллари (экзема, псориаз);

- кўкрак ёки елка соҳасида протез ёки имплантлар қўйилиши;

- кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғига ўтказилган очиқ турдаги операциялар;

- стомалар (сунъий чиқиш йўли) қўйилиши;

- кўкрак қафаси соҳасидаги йирик ҳосилалар (ўсма);

- ҳомиладор аёллар.

Ушбу касалликлар мавжудлиги тўғрисидаги «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали шакллантирилган QR-кодли (штрихли код) электрон тиббий маълумотнома фуқаро бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси томонидан берилади. Тиббий маълумотноманинг амал қилиш муддати 6 ой.

Буйруқ лойиҳаси 14 ноябрга қадар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисмига асосан БҲМ 0,5 бараварини (бугунги кунда 206 минг сўм) ташкил этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид