Жаҳон | 08:00 / 05.11.2025
1689
3 дақиқада ўқилади

Австрияда эҳтимолий россиялик жосус фош этилди

Гумонланувчи шахс Австриянинг сувларни тозалаш тизимига киришга урингани айтилмоқда. Австрия разведкаси Сергей К. бўйича тергов олиб борилаётганини тасдиқлади.

Фото: Shutterstock

Австрия разведкаси мамлакатнинг сувларни тозалаш тизимига киришга уриниб, эҳтимолий россиялик жосус сифатида тилга олинаётган Сергей К.га нисбатан тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда 4 ноябр куни AFP агентлигига Австрия Давлат хавфсизлиги ва разведка бошқармаси (DSN) хабар берди.

Jetzt.at суриштирув портали маълумотларига кўра, гап Россия ҳарбий разведкасининг ходими ҳақида кетмоқда.

Терговчилар таъкидлашича, Сергей К. 2021 йилгача муҳандислик соҳасида ишлаган ва Австрия ҳамда қатор бошқа мамлакатларга сохта ҳужжатлар билан тахминан 10 маротаба келган.

Jetzt.at материалида айтилишича, Австрияда гумонланувчи VTA канализация (чиқинди сув) тозалаш компанияси ичида алоқалар ўрнатган. Бундан ташқари, Сергей К. Россияда ҳам худди шу номдаги (VTA) ва сувларни тозалашга ихтисослашган компаниялардан бирида ишлаган.

«Ҳатто Россия махсус хизматлари Австриядаги канализация тизимларини манипуляция қилишни мақсад қилмаган тақдирда ҳам, Сергей К. VTA атрофида стратегик қулай позицияни эгаллаган. Компания бутун дунё бўйлаб, жумладан Украинага ҳам сувларни тозалаш технологияларини етказиб беради. Россиянинг тажовузкор уруши бошланганидан бери у ерда сув таъминоти ва канализация инфратузилмалари атайлаб йўқ қилинмоқда», — дейилади суриштирувда. Унда Bellingcat лойиҳаси тадқиқот журналисти Христо Грозев ҳам иштирок этгани қайд этилган.

Австриялик VTA компанияси асосчиси ва эгаси Улрих Кубингер AFP'га билдиришича, тахминан икки ҳафта олдин шу номдаги Россия компаниялари мавжудлиги маълум бўлганидан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза берилган. У бу Россия компанияларининг Австриянинг VTA'си билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини урғулади.

ЕИ аъзоси, бироқ НАТОга аъзо бўлмаган Австрия сўнгги пайтларда жосуслик бўйича нисбатан юмшоқ қонунчиликка эга экани учун НАТО давлатлари томонидан бир неча бор танқид қилинган. AFP таъкидлашича, бу ҳолат Россия разведкачиларини мамлакатга жалб қилиши мумкин.

Жорий йил сентябр ойида Австриянинг OMV нефт-газ концернида ҳам эҳтимолий россиялик жосус фош этилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид