Жаҳон | 14:12 / 05.11.2025
1526
2 дақиқада ўқилади

Германия 2026 йилда Киевга ёрдамни яна 3 млрд еврога оширмоқчи

ГФРнинг 2026 йилги бюджетига Киевни қўллаб-қувватлаш учун 8,5 млрд евро киритилган, аммо Берлин ҳукумати бу суммани яна 3 млрд еврога кўпайтиришни режалаштирмоқда. Handelsblatt’га кўра, маблағ дронлар ва артиллерияга йўналтирилиши мумкин.

Фото: Kay Nietfeld/dpa

Германия расмийлари 2026 йилда Украинага молиявий ёрдамни сезиларли оширишни режалаштираётгани ҳақида 4 ноябр куни Handelsblatt газетаcи ГФР ҳукуматидаги манбаларга таяниб хабар берди. Уларнинг маълум қилишича, молия вазири Ларс Клинґбайл мудофаа вазири Борис Писториус билан бирга бундестаг муҳокамасига Украинага яна 3 млрд евро ажратиш масаласини киритади.

Қўшимча маблағлар артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ва зирҳли техника харид қилишга, шунингдек Берлин аллақачон Киевга берган иккита Patriot ҳаво ҳимояси тизимини алмаштиришга сарфланиши кутилмоқда. 2026 йилги федерал бюджет тўғридaги қонун лойиҳасининг сўнгги версиясида Украина учун 8,5 млрд евро кўзда тутилган. Бундестаг ҳужжатни келаси ҳафта якуний тасдиқлаши лозим.

«Россия тажовузидан ҳимоя қилиш учун қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз», — дейди ҳукумат доираларидагилар.

Reuters агентлиги таъкидлашича, Германия — Европада Украинага ҳарбий ёрдам бўйича энг йирик донор. Унинг маълумотларига кўра, 2022 йилда Россия томонидан Украинага қарши тўлиқ қамровли ҳужум бошланганидан бери Берлин Киевга тахминан 40 млрд евро ажратган.

Reuters’нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилишича, ГФР канцлери Фридрих Мерц 2026 йилда Украинага қўшимча маблағларни таклиф этилган ҳажмда беришни қўллаб-қувватлаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид