Жаҳон | 12:40 / 05.11.2025
1883
2 дақиқада ўқилади

Путин йил бўйи армияга чақирув ҳақидаги қонунни имзолади

Россияда 2026 йил 1 январдан бошлаб йил давомида чақирув ўтказилади. Путин имзолаган иккинчи қонун эса захирадагиларни тинч вақтда сафарбар этиш ҳуқуқини беради.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин 4 ноябр куни фуқароларни бир йилнинг бутун календар даври — 1 январдан 31 декабргача — ҳарбий хизматга чақиришга рухсат берадиган қонунни имзолади. 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳарбий бўлим (военкомат)лар ҳар куни чақирув ёзувларини юбориши, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиши ва чақирув комиссияси мажлисларини ўтказиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, давлат реестрига электрон чақирув юкланган кундан эътиборан ҳарбий бўлимга келиш санаси 30 кундан ошмаслиги керак. Ҳозирча электрон чақирувларнинг амал қилиш муддати чекланмаган. Хизмат ўташ жойига жўнатиш эса аввалгидек йилига икки мавсумда амалга оширилади: 1 апрелдан 15 июлгача ва 1 октябрдан 31 декабргача.

Путин шу куни имзолаган иккинчи қонун захирадагиларни тинч вақтда ҳам сафарбар қилишга имкон беради. У Россия фуқароларига — «ихтиёрий равишда захирада бўлиш тўғрисида шартнома тузган» шахсларга тааллуқли. Ҳужжатга мувофиқ, РФ Мудофаа вазирлиги захирадагиларни «муҳим аҳамиятга эга объектлар ва бошқа ҳаётий инфратузилмаларни ҳимоя қилишни таъминлаш» учун қўшимча («махсус») йиғинларга йўналтириши мумкин.

РФ Давлат думаси 28 октябр куни армияга йил бўйи чақирув тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи, якуний ўқишда маъқуллаган. Шундан сўнг Ярославл ва Тюмень вилоятларида РФ Мудофаа вазирлиги захирасига қабул эълон қилинди.

Электрон чақирув давлат реестрида жойлаштирилганидан кейин чақирилувчи 30 кун ичида ҳарбий бўлимга келиши шартлиги ҳақидаги тузатиш лойиҳага иккинчи ўқишга тайёргарлик пайтида киритилган. Қонунга изоҳ хатида қайд этилишича, у чақирув пунктлари юкини «тенг тақсимлаш» ва фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш сифатини «ошириш»га қаратилган.

Украинадаги уруш бошланганидан кейин Россияда армияга чақирув қоидалари босқичма-босқич қатъийлаштирилмоқда: хусусан, ягона ҳарбий хизматга мажбур шахслар реестри яратилди ва электрон чақирувлар жорий этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид