Жамият | 14:55 / 05.11.2025
3914
1 дақиқада ўқилади

Қибрай: 54 минг долларлик “ер битими” тезкор тадбирда тўхтатилди

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қибрай тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фермер хўжалиги ер майдонини ноқонуний сотишга уриниш фош этилди. Икки шахс пулнинг бир қисмини олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Департамент маълумотига кўра, фуқаролар Р.С. (муқаддам фирибгарлик учун судланган) ва М.Т. фуқаро Ф.Ш.нинг ишончига кириб, Қибрай туманидаги “И.О.” фермер хўжалигининг суғориладиган ер майдонини гўёки тоифасини ўзгартириш орқали 6 сотихини 54 000 АҚШ долларига сотишга келишган.

Тезкор тадбир вақтида улардан 25 000 АҚШ долларини қабул қилиш жараёни қайд этилди ва гумонланувчилар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатма: Ер участкалари айирбошлаш ёки сотишга оид барча операциялар амалдаги қонунчиликка мувофиқ фақат ваколатли ташкилотлар орқали амалга оширилиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид