Ўзбекистон | 11:41 / 05.11.2025
1674
1 дақиқада ўқилади

Тергов ва прокурор назорати электрон шаклга ўтказилади

Президентнинг 2025 йил 3 ноябр куни имзоланган ПФ–204-сон фармони билан “Рақамли прокуратура – 2030” стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, тергов ва прокурор назорати жараёнлари босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади, прокуратура фаолияти тўлиқ рақамли трансформация қилинади.

Фото: iStock

Фармон прокуратура органлари фаолиятида очиқлик, самарадорлик ва жавобгарликни оширишни мақсад қилади. Асосий йўналишлар қуйидагича:

  • 2030 йилгача автоматлаштириш: прокуратура органлари фаолиятининг барча йўналишлари илғор халқаро тажриба асосида рақамлаштирилади;
  • электрон тергов ва назорат: тергов ҳаракатлари ҳамда прокурор назорати тўлиқ электрон форматга ўтказилади;
  • Raqamli prokuror АТ-комплекси: ягона платформа орқали маълумот алмашиш, таҳлил ва қарор қабул қилиш тезкорлиги оширилади;
  • масофавий қонунийлик назорати: давлат органлари қабул қилаётган ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқлиги электрон тарзда, реал вақтда мониторинг қилинади;
  • текширувларни рақамлаштириш: назорат қилувчи органлар тадбирларида қонунларга риоя этилишини кузатиш учун Tekshiruvlarning yagona elektron reyestri'нинг синов версияси ишланади, 2026 йил 1 декабрдан тўлиқ версияси ишга туширилади.

Кутилаётган натижага кўра, янги тизим ҳуқуқбузарликларни илк босқичда аниқлаш, инсон омили таъсирини камайтириш, ортиқча қоғозбозликни қисқартириш ва жамоатчилик учун шаффофликни кучайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид