Жаҳон | 12:11 / 05.11.2025
1056
2 дақиқада ўқилади

Украина ЕИдан яна 1,8 млрд еврo олади

ЕИ кенгашининг маълум қилишича, Украина Ukraine Facility механизми доирасида бешинчи траншни олиш учун зарур шартларни бажарди. Маблағлар мамлакатнинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва давлат бошқаруви фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Фото: Laurie DIEFFEMBACQ

Европа Иттифоқининг Ukraine Facility ёрдам механизми доирасида Украина бешинчи транш сифатида 1,8 миллиард еврoдан ортиқ маблағ олади, деб хабар берди ЕИ кенгаши 4 ноябр куни. «Бу сумма Украина томонидан бешинчи траншни олиш учун зарур бўлган тўққиз қадам муваффақиятли бажарилгани, шунингдек тўртинчи траншдан қолган битта қадам ҳам тамомланганини акс эттиради», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, молиялаштириш, асосан, «Украинанинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва унинг давлат бошқаруви ишини қўллаб-қувватлаш»га қаратилган.

Ukraine Facility қўллаб-қувватлаш механизми 2024–2027 йилларни қамраб олади ва шу давр мобайнида ЕИ Украинага 50 миллиард еврoгача «барқарор ва олдиндан тахмин қилинадиган молиявий ёрдам» тақдим этиши мумкин, дея маълум қилади ЕК (Европа комиссияси) сайти.

Бундан олдин ЕИ Украинага 6 млрд еврo оралиқ молиялаш, 1,89 млрд еврo аванс тарзидаги молиялаш, шунингдек 4,2 млрд, 4,1 млрд, 3,5 млрд ва 3,2 млрд еврo миқдорида тўрт транш ажратган, дейилади ЕИ кенгаши баёнотида.

Европа комиссияси таъкидлашича, Ukraine Facility бўйича тўловлар Украина томонидан аниқ қайта тиклаш ва ислоҳотлар режасини амалга ошириш, шунингдек демократия механизмлари, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш билан чамбарчас боғланган. Украинага тўловлар ЕК томонидан шартлар бажарилиши текширилгандан сўнг ҳар чоракда амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид