Бизнес | 09:24 / 06.11.2025
10645
4 дақиқада ўқилади

Дунё рекордига яқин: 1200 йилдан ортиқ фаолиятга эга компаниялар

Кўплаб стартаплар беш йилга ҳам бора олмайдиган замонавий бизнес оламида асрлар, ҳатто минг йилдан зиёд вақт мобайнида ишлаётган компаниялар бор.

St. Peter Stiftskulinarium ресторани Фото: Kolarik Andreas

Бу корхоналар урушлар, эпидемиялар, иқтисодий инқирозлар ва технологик инқилобларни бошдан кечирган, аммо ҳануз долзарблигини йўқотмаган. World Atlas узлуксиз ишлаётган энг қадимги беш компания рўйхатини тузди.

5. The Royal Mint — Буюк Британия (886 йилда асос солинган).

886 йилда Қирол Алфред (Alfred the Great) даврида ташкил этилган Қироллик Монета фабрикаси (Royal Mint) 1100 йилдан ортиқ вақт мобайнида Буюк Британиянинг расмий танга ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Илк бор Лондон Тауэрида жойлашган бу муассаса ҳозир Уэлсдаги Ллантрисант шаҳрида қўриқланадиган мажмуада фаолият юритади.

Бугун Royal Mint фақат муомалага чиқарилган тангалар билан чекланмайди: юбилей ва коллекцион тангалар чиқаради, инвестицион олтин ишлаб чиқаради, ҳатто олтин қопламали жамғарма маҳсулотларини ҳам таклиф қилади. Нақд пулдан фойдаланиш босқичма-босқич қисқараётган даврда «ишлаб чиқаришдан люкс маҳсулотлар»гача трансформация қила олиш қобилияти компанияни сақлаб турибди.

4. Tanaka-Iga — Япония (885 йил).

Tanaka-Iga — 885 йилдан бери бутсудан (Butsudan) деб аталувчи буддавий уй буюмларини тайёрлайдиган оилавий компания. Ўйма ёғочдан ясаладиган бу буюмлар кўплаб япон хонадонларида дуо ва аждодларини эъзозлашда марказий ўрин тутади.

Деярли 1200 йиллик мавжудлиги давомида Tanaka-Iga анъанавий ҳунарга содиқ қолган ҳолда, замонавий воситалардан ҳам фаол фойдаланиб, талабни қондириб келмоқда. Бугун бу оддий компания эмас, балки япон санъати ва руҳий анъанасининг посбони сифатида қадрланади.

3. Staffelter Hof — Германия (862 йил).

Мозел водийсида жойлашган Staffelter Hof — дунёнинг энг қадимги узумчилик хўжаликларидан бири. 862 йилда монастир токзорлари сифатида асос солинган бу хўжалик ҳозиргача юқори тоифали маҳсулот ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда.

Хўжалик шунингдек туристик масканга айланган: меҳмонхона ва экскурсиялар орқали меҳмонларга минг йиллик анъанасини намойиш этади. Унинг барқарорлиги тарихий брендлар ўз тарихига суяниб туриб, глобал аудиторияни қандай жалб эта олишини кўрсатади.

2. St. Peter Stiftskulinarium — Австрия (803 йил).

803 йилда асос солинган афсонавий St. Peter Stiftskulinarium ресторани Залцбургдаги Сен-Пётр аббатлиги ҳудудида жойлашган. У Европа қитъасининг энг қадимги ресторани сифатида тилга олинади. 1200 йилдан ошиқ фаолияти давомида у подшоҳлар, мусиқачилар ва сайёҳларни — афсоналарга кўра, ҳатто Буюк Карлни ҳам қабул қилган.

Бугун бу шунчаки ресторан эмас: тарих, меъморчилик ва Австрия ошпазлик анъаналари уйғунлашган ўзига хос тажриба марказидир. Меҳмонлар барокко залларида шам ёқилган ҳолда кечки овқатлардан баҳраманд бўлиши мумкин — бу St. Peter Stiftskulinarium’ни дунёдаги энг таъсирчан кечки ошгоҳлардан бирига айлантиради.

1. Genda Shigyō — Япония (771 йил).

771 йилда Киотода асос солинган Genda Shigyō махсус маросимларда ишлатиладиган қоғоз маҳсулотларига ихтисослашган. Унинг маҳсулотлари никоҳ, чой маросими ва синто ритуаллари учун зарур ҳисобланади.

Genda Shigyō'нинг ўзига хослиги — 1200 йилдан ортиқ тарихга эга анъанавий қоғоз тайёрлаш техникасини асраб-авайлаб келиши. Компания уста дарслари ўтказади, билим ва кўникмаларни кейинги авлодларга етказади — шу тариқа бизнесни фақат тижорат эмас, балки маданий институцияга ҳам айлантиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид