Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳанновер аэропорти дрон сабаб ишини тўхтатди
Германияда бир ҳафтадан кам вақт ичида учинчи аэропорт — Ҳанновер аэропорти — яқинида дрон аниқланиши туфайли ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Дронни қўнишга кириб келаётган самолёт пилотлари кўрган.
Фото: Julian Stratenschulte/dpa/picture alliance
Қуйи Саксония федерал ҳудудидаги Ҳанновер шаҳри аэропорти 5 ноябр куни кечқурун яқинида дрон аниқлангани сабабли 45 дақиқага ишини тўхтатди. Dpa агентлиги хабар беришича, ҳаво бандаргоҳининг фаолияти Берлин вақти билан соат 22:00 (6 ноябр куни Тошкент вақти билан 02:00)да вақтинча тўхтатилган.
Полиция маълумотига кўра, бу ҳолат қўнишга яқинлашган авиалайнер пилотлари дронни кўриб, аэропорт ходимларига хабар берганидан кейин содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, дрон яқин атрофдаги саноат ҳудуди устидан учган.
Натижада учта самолётни бошқа аэропортларга йўналтиришга тўғри келди. Жумладан, Франкфурт-Майндан учиб келаётган лайнер Ҳамбургга (Ҳанновердан 152 км) йўналтирилди. Қолган рейслар эса кечикишлар билан қўниш ва парвозларни амалга оширишга мажбур бўлди.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида Германиядаги аэропортлар ва муҳим объектлар устида дронлар бир неча бор кузатилган. Хусусан, улар мамлакатнинг энг йирик аэропорти — Франкфурт-Майн ва иккинчи йирик — Мюнхен аэропорти ишида узилишларга сабаб бўлган, шунингдек, мамлакат шимолидаги Кил шаҳри узра ҳам кўрилган. Bild нашри полициянинг махфий ҳисоботига таяниб, Мюнхенда кўрилган учиш аппаратлари ҳарбий разведка дронлари бўлганини ёзган.
Сўнгги кунларда Берлин аэропортлари устида ҳам дрон пайқалди — 31 октябр куни улар деярли икки соатга ишни тўхтатишга мажбур бўлган. Бременда 2 ноябр куни аэропорт тахминан бир соат нормал фаолият кўрсата олмаган.
Европанинг қатор давлатларидаги аэропортлар ва бошқа объектлар устида ҳам дронлар билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар қайд этилган. Масалан, Дания аэропортлари, Швециянинг энг йирик денгиз базаси жойлашган Карлскруна архипелаги ва Ослодаги ҳарбий объектлар узра дрон пайқалган. Белгияда дронлар нафақат аэропортлар, балки НАТО базаси устидан ҳам учиб ўтган.
Ушбу эпизодлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар фонида Дания махсус хизматлари Россия Ғарбга нисбатан гибрид уруш олиб бораётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Европа узра дронлар учирилишига РФнинг алоқадорлигини исботловчи далиллар йўқ. Мамлакат президенти Владимир Путин эса бу айбловларни рад этиб, дронлар учун Европа шаҳарларида мақсадли объектлар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
11:47
Сўров: немислар ҳукумат ва пенсия тизимидан норози
08:40
Мерц АҚШга Россиянинг музлатилган активларини беришга қарши чиқди
16:30 / 04.12.2025
Берлин Украинага қурол-яроғ ёрдамини 200 млн долларга оширади
16:43 / 03.12.2025