Янги CobraJet платформаси муҳим инфратузилма объектларини дронлар таҳдидидан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган. Компания маълумотига кўра, аппарат нафақат оддий, балки юқори тезликда ҳаракатланувчи ва фаол манёвр қиладиган учувчисиз аппаратларни ҳам қувиб етиб, уларни йўқ қила олади.

Беш хил модификация ишлаб чиқилган

SkyDefense CobraJetʼнинг бешта турли модификациясини таклиф қилмоқда. Харидорлар тўлиқ электр ёки гибрид куч қурилмасига эга версияларни танлашлари мумкин.

Электр вариантлари қаттиқ ҳолатли аккумуляторлардан қувват олувчи каналли вентиляторлар билан жиҳозланган бўлиб, соатига 360 километргача тезликка чиқа олади.

Гибрид моделларда эса қўшимча турбореактив двигател ўрнатилган. Бу максимал тезликни соатига 563 километргача ошириш имконини беради.

3D-принтерда ишлаб чиқарилади

Аппаратнинг конструкцияси углепластик материалдан тайёрланган бўлиб, асосий қисмлари 3D-принтер ёрдамида ишлаб чиқарилади.

Бундай ёндашув ишлаб чиқаришни арзонлаштириш билан бирга, тизимни тўлиқ қайта лойиҳаламасдан туриб модернизация қилиш имконини ҳам яратади.

Вертикал учиш ва қўниш (VTOL) имконияти ҳамда бошқариладиган тортиш кучи соплолари CobraJetʼга учиш-қўниш йўлагисиз ҳаракатланиш ва манёвр қилаётган нишонларни самарали таъқиб қилиш имконини беради.

«Она дрон» вазифасини ҳам бажаради

Энг йирик версия — V10/VT10 — катта юк кўтариш имкониятига эга.

У ҳавода ўзи билан бирга қўшимча дрон-тўсувчиларни ҳам олиб юриши мумкин. Зарурат туғилганда улар ички қурол бўлинмаси ёки ташқи осма қурилмалар орқали учирилади. Бу эса узоқ давом этадиган операцияларда тизим самарадорлигини янада оширади.