Жаҳон | 21:17 / 06.11.2025
2493
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда онлайн фирибгарлик учун дарралаш жазоси жорий этилди

Фирибгарлик Сингапурда энг кенг тарқалган жиноят тури бўлиб, энди уни содир қилганларга 6 дан 24 гача марта таёқ урилади.

Фото: AFP

Сингапурда онлайн фирибгарлик учун дарра уриш билан жазолаш бошланади. Шаҳар-давлат парламенти шу ҳафта жиноят қонунчилигига ўзгартириш киритиб, бу чорани жорий йилнинг биринчи ярмида деярли 385 миллион доллар зарар келтирган ўн минглаб фирибгарлик схемалари қайд этилгандан сўнг, фирибгарлар ва уларнинг шериклари учун санкциялар сифатида қўшди, деб ёзди The Washington Post.

Давлатнинг ташқи ва ички ишлар бўйича катта вазири Сим Анн шундай деди: «Асосан масофадан туриб мулоқот қилиш орқали алдаш деб белгиланган фирибгарликни содир этган жиноятчиларга камида олти марта дарра урилади».

Мажбурий жазо 24 та зарбагача етиши мумкин, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ. Фирибгарлик Сингапурда энг кенг тарқалган жиноят тури бўлиб, сўнгги йилларда қайд этилган барча ҳуқуқбузарликларнинг 60 фоизини ташкил этади. Расмийларга кўра, бу жиноятлар миллиардлаб доллар зарар келтиради. Фирибгарлик синдикатлари аъзолари ва ёлловчилари ҳам қонун таъсирига тушади ва судланган тақдирда таёқ билан жазоланади.

Сингапурда аллақачон 65 га яқин турдаги жиноятлар, жумладан, босқинчилик учун жисмоний жазоси қўлланади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Human Rights Watch ва Amnesty International таёқлардан жазо сифатида фойдаланишни бир неча бор танқид қилган ва бу амалиётдан воз кечишни талаб этган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид