Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп ядровий синовларни қайта бошлаш ниятини тасдиқлади
АҚШ президенти Доналд Трамп ядровий қуроллар синови жараёни дарҳол бошланишини билдирди. Унинг айтишича, бошқа давлатлар аллақачон синовлар ўтказмоқда ва АҚШ ҳам тенг шартларда ҳаракат қилиши керак.
АҚШ президенти Дональд Трамп ядровий қуроллар синовларини қайта тиклаш ниятини тасдиқлади. “Бу жараён дарҳол бошланади”, — деди у 5 ноябр куни Truth Social платформасида эълон қилинган видеороликда. Америка раҳбарининг сўзларига кўра, бундай қарор сабаби “бошқа мамлакатлар аллақачон синов дастурларини ўтказаётгани, АҚШ эса шундай шароитда тенг шартларда иш юритиши керак”лигидир.
Бир ҳафта олдин Трамп худди шундай баёнот берган эди, у катта халқаро резонансга сабаб бўлди, чунки Қўшма Штатлар 1992 йилдан бери ядровий синовлар ўтказмаган.
Чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга эҳтимолий ядровий синовларнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолашни топширгани маълум бўлди. Кремл эълон қилган Хавфсизлик кенгаши мажлиси стенограммасига кўра, Путин мудофаа ва ташқи сиёсат вазирликлари, махсус хизматлар ва фуқаролик идораларига тегишли маълумотларни тўплашни йўлга қўйишни буюрган.
Россия президентининг айтишича, тўпланган маълумотлар ядровий синовларга эҳтимолий тайёргарлик бўйича таклифлар тайёрлашнинг асоси бўлиши керак.
Шу орада, АҚШ нимани аниқ синовдан ўтказиши режалаштирилаётгани ҳали номаълумлигича қолмоқда. Трампнинг дастлабки баёнотидан кейин экспертлар гап, эҳтимол, тўғридан тўғри ядровий портлашлар ҳақида эмас, балки учириш тизимлари ва ядровий қуролнинг бошқа компонентлари ҳақида кетмоқда, деб ҳисоблади.
АҚШ энергетика вазири Крис Райтнинг таъкидлашича, гап ядровий портлашларни ўтказиш ҳақида эмас. “Биз гапираётган синовлар — бу тизимли тестлар. Улар ядровий портлашлар эмас”, — деди у ва ўз вазирлиги Америка ядровий арсеналининг кўп жиҳатлари учун жавоб беришини қўшимча қилиб ўтди.
Трамп янги видеоёзувда бўлажак синовларнинг тафсилотларини очиқламай, фақат дастурни қайта тиклаш зарурати ҳақида умумий тарзда гапирди.
Шу билан бирга, Москва сўнгги ҳафталарда ядровий риторикани кучайтирди. Путин “Буревестник” қанотли ракетаcи ва ядровий энергетик ускуналарга эга “Посейдон” торпедаси каби янги турдаги қуроллар ҳақида сўз юритди. Бироқ бу қуроллар хусусиятлари хорижда Кремлнинг аввалги таҳдидларига нисбатан камроқ хавотир уйғотди.