Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинага Евроиттифоқ мудофаа жамғармасига кириш ҳуқуқи берилади
Европарламент ва ЕИ Кенгаши Украинага ЕИ мудофаа жамғармасига кириш имконини бериш масаласида дастлабки келишувга эришди. Бундан ташқари, ташкилотлар фуқаролик мақсадларига мўлжалланган жамғармалар маблағларини мудофаа лойиҳаларига йўналтиришни ҳам режалаштирмоқда.
Дания раислигидаги Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европарламент вакиллари 5 ноябр куни Украинага Европа мудофаа жамғармасига кириш ҳуқуқини бериш бўйича дастлабки келишувга эришгани ҳақида dpa агентлиги хабар қилди.
Жамғарма ЕИнинг мудофаа секторида рақобатбардошлик ва самарадорлигини оширишга қаратилган. Ушбу мақсадларга 2021–2027 йиллар даври учун тахминан 9,5 млрд евро ажратилган. Украинага жамғармага кириш ҳуқуқи берилиши маҳаллий компанияларга ЕИ томонидан молиялаштириладиган мудофаа соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳаларида иштирок этиш имконини беради.
Шунингдек, томонлар ReArm Europe ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлаш режаси доирасида ЕИ бюджети ҳисобидан мудофаа тадқиқотлари ва ишланмаларини, саноат ва инфратузилмага инвестицияларни кенгроқ қўллашга келишиб олгани Дания вакилларига таянган dpa хабарида қайд этилган. Ушбу ташаббуслар, аввало, “Россиядан келаётган таҳдидлар” билан боғланмоқда. Европа махсус хизматлари Россия, эҳтимол, 2030 йилдан кечикмай янги уруш бошлаш қобилиятига эга бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда, дея маълум қилди агентлик.
ЕИ Кенгаши матбуот хизматининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қилинишича, Европарламент ва ЕИ Кенгаши ўртасидаги “дастлабки келишув” “одатда фуқаролик мақсадларида қўлланадиган мавжуд ЕИ жамғармаларини мудофаа эҳтиёжлари учун ҳам очиб беради”. Хусусан, томонлар Horizon Europe тадқиқот ва инновациялар дастурини иккиёқлама мақсадли (dual-use) ва мудофаа сектори компанияларига ҳам кенгайтиришга рози бўлди.
Шу билан бирга, бу келишув расман кучга кириши учун уни Европарламент ҳам, ЕИ Кенгаши ҳам тасдиқлаши керак.