Соғлом ҳаёт | 16:13 / 07.11.2025
1546
2 дақиқада ўқилади

Донор кўз шох пардаси биопротезларини қўллаш тартиби тасдиқланади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хорижий давлатлардан келтириладиган “донор кўз шох пардаси” биопротезларини тиббиёт ташкилотларида қўллаш тартибини ишлаб чиқди.

Асосий жиҳатлар:

  • мақсад: кератопластика амалиётлари сонини ошириш ва бемор хавфсизлигини таъминлаш;
  • ташиш ва сақлаш: махсус совитилган, термоизоляцияли контейнерларда, стерил шароитда, номлари бўйича алоҳида сақлаш шарт;
  • етказиб бериш вақти: биопротезлар 8 соат ичида амалиёт ўтказиладиган клиникага етказилиши лозим;
  • масъул шахс: ҳар бир тиббиёт муассасасида ташиш/сақлаш учун алоҳида тиббиёт ходими масъул қилиб тайинланади;
  • қарши кўрсатмалар: трансплантат рад этиш хавфи юқори иммун ҳолат, компенсацияланмаган умумий касалликлар (масалан, қандли диабет), руҳий касалликлар, шох парданинг кучли васкуляризацияси, компенсацияланмаган глаукома, кўзнинг ўткир яллиғланишлари мавжуд бўлса, кератопластика ўтказилмайди.

Бемор ўз хоҳиши билан мурожаат қилади, шу куни доктор томонидан суҳбат ва ёзма огоҳлантириш ўтказилади. Суҳбат беморни огоҳлантирган ҳолда мажбурий видеоёзувга олинади. Кератоскопия, пахиметрия, заруратда биопсия каби тўлиқ офталмологик текширувлар амалга оширилади.

Амалиётдан кейинги давр: клиникада 1–5 кун кузатув (бемор ҳолатига қараб шифокор хулосаси билан 14 кунгача ўзгартирилиши мумкин). Бемор ҳудудий тиббиёт муассасасига диспансер назоратга ўтказилади. 1 йил давомида ҳар 1,5–2 ойда, кейин ҳар 3–4 ойда офталмолог кўригидан ўтиб боради.

Отабек Матназаров
Муаллиф Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид