Жамият | 15:17 / 07.11.2025
6438
1 дақиқада ўқилади

Киберфирибгарликда айбланган шахс Ўзбекистонга депортация қилинди

Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, бир қатор киберфирибгарлик жиноятларида айбланаётган ва 10 нафардан ортиқ ватандошнинг маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинаётган фуқаро У.З. (2005 й.т.) Ўзбекистон ҳудудига депортация қилинди.

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси

Расмий маълумотга кўра, мазкур шахсга нисбатан халқаро ҳамкорлик доирасида қидирув ва процессуал ҳаракатлар амалга оширилган. Депортациядан сўнг белгиланган тартибда суриштирув-тергов жараёнлари давом эттирилади.

Ушбу шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилиш сўралади.

Истанбулдаги Бош консулхона таъкидлашича, жиноий жавобгарликдан қочиб хорижда, жумладан Туркияда яширинаётган ҳар қандай шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил давом эттирилади ва “жиноят учун жавобгарлик” тамойили қатъий таъминланади.

Сўнгги пайтларда турли фирибгарликлар бўйича консулликка келиб тушаётган мурожаатлар сони ошгани ҳисобга олиниб, фуқароларга огоҳликни кучайтириш, шубҳали таклиф ва ҳаволаларга ишонмаслик, шахсий маълумотларни бегона шахсларга бермаслик тавсия этилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид