Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда мигрантларни чиқариб юбориш бўйича янги қоидалар маъқулланди
Хорижий фуқаролар чиқариб юборилиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхати икки бараварга - Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22 та моддасидан 43 тагача кенгайтирилди.
Россия Давлат Думаси 13 май куни миграция сиёсатини сезиларли даражада кучайтирадиган иккита қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Мажлисда Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг айтишича, ушбу қонун лойиҳалари «миграция сиёсатини янада такомиллаштиришга» қаратилган.
Унинг сўзларига кўра, улардан бири «Россия ҳудудида ёки унинг ташқарисида ҳар қандай жиноят содир этгани учун» судланганлиги олиб ташланмаган ёки тугалланмаган чет элликларга жиноятнинг оғирлигидан қатъи назар Россия фуқаролигини, яшаш гувоҳномаси ёки вақтинча яшаш рухсатномасини олишни тақиқлайди.
«Шунингдек, бундай ҳолатда илгари берилган вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномасини бекор қилиш ҳам таклиф этилмоқда», деб қўшимча қилди Володин.
Иккинчи қонун лойиҳаси - «Хорижий фуқаролар чиқариб юборилиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатини икки бараварга - Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22 та моддасидан 43 тагача кенгайтириш тўғрисида».
Чиқариб юбориш учун янги асослар қаторига сиёсий фаоллик ва позицияни ифодалаш билан боғлиқ моддалар ҳам киритилган. Гап, хусусан, Россия армиясини «обрўсизлантириш», Россияга қарши санкцияларни жорий этиш ёки сақлаб қолишга чақириш, нацистик ёки экстремистик рамзларни намойиш этиш, экстремистик материалларни тарқатиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилиш ҳақида бормоқда.
Бундан ташқари, келишилмаган акцияларда иштирок этиш, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат режимини бузиш, транспорт инфратузилмасига халақит бериш ва полицияга бўйсунмаслик билан боғлиқ майда безорилик ҳам депортация учун асос бўлиши мумкин.
Ташаббус муаллифлари кескинлаштириш зарурлигини чет эл фуқаролари ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар сонининг кўпайиши билан изоҳламоқда. Давлат Думаси спикери Вячеслав Володиннинг сўзларига кўра, 2025 йилда Россиядан 72 мингга яқин мигрант чиқариб юборилган.
Мавзуга оид
08:45
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
18:06 / 08.06.2026