Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Красноярскда оғир вазиятга тушган ўзбекистонлик она-болага ёрдам кўрсатилди
Россиянинг Красноярск ўлкасида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига Бош консулхона ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида зарур амалий ёрдам кўрсатилди. Она-бола ташкиллаштирилган тартибда Ўзбекистонга қайтарилди.
Фото: Дунё
“Дунё” АА хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлигининг ваколатхонаси мувофиқлашган ҳаракатлари натижасида фуқаро вояга етмаган қизи билан бирга ватанга қайтарилди.
Маълумотга кўра, аёл Россия миграция қонунчилигини бузгани учун Красноярск ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Шахсий ҳужжатлари йўқолгани сабабли у Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида сақланган, қизи эса вояга етмаган болалар учун махсус муассасага жойлаштирилган.
Бош консулхона она-боланинг қайтишига доир барча ташкилий ва ҳужжат ишларини амалга оширди. Миграция агентлиги ваколатхонаси улар учун авиачипталарни харид қилди.
Юртдошлар Красноярск—Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга жўнаб кетди.