Жаҳон | 17:43
889
2 дақиқада ўқилади

1 июндан Россия қонунчилигида мигрантлар учун қатор ўзгаришлар кучга кирди

1 июндан бошлаб Россия қонунчилигида мигрантларнинг ушбу мамлакатга кириши ва чиқиши билан боғлиқ бир қанча ўзгаришлар кучга кирди.

Фото: РИА Новости

Хусусан, ушбу мамлакат чегараларида бармоқ изларини топшириш ва суратга тушиш, шунингдек, RuID мобил иловасида сафардан камида 72 соат олдин ариза топшириш тартиби 2027 йил охиригача узайтирилди.

Шу билан бирга, 1 июндан бошлаб айрим юк машиналари ҳайдовчилари учун Россия ҳудудида вақтинча бўлиш муддати узайтирилди. Шу асосда МДҲ давлатлари (жумладан Ўзбекистон ҳам) ва Гуржистоннинг халқаро ташувлар билан шуғулланувчи фуқаролари Россияда аввалги 90 кун ўрнига 180 кунгача бўлиши мумкин.

Россия чегарасида ушбу мамлакатга киришда бармоқ изларини топшириш ва суратга тушиш бўйича тажриба лойиҳаси 2024 йилда жорий этилган ва 2026 йил 30 июнгача амал қилиши керак. Унга кўра, Шереметево, Домодедово, Внуково, Жуковский аэропортлари ва Маштаково автомобил ўтказиш пункти (Оренбург вилояти) орқали кираётган ёки чиқаётган барча чет эл фуқаролари биометрик назоратдан ўтказилади.

Аввалроқ Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги бу тажриба муваффақиятли бўлса, янги қоидалар доимий амалиётга айланишини ва чет эл фуқароларининг мамлакатга кириш жараёнини сезиларли даражада соддалаштиришини маълум қилган эди.

Таъкидлаш жоиз, Россия ҳукумати сўнгги икки йил давомида миграция сиёсатини изчил равишда қатъийлаштириб, чет эллик ишчилар учун тобора кўпроқ янги талаб ва чекловларни жорий этмоқда. Хусусан, қоидабузарлар учун назорат остидаги шахслар рўйхати тузилди, шунингдек, саёҳатдан олдин электрон хабардор қилиш талаби жорий этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид