Ўзбекистон | 18:09
513
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон RITM-200N реакторли АЭС энергия блокини қуриш учун лицензия берди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси RITM-200N ядро қурилмаси билан атом электр станциясининг энергия блокини қуриш учун лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси

Қўмита хабарига кўра, қарор миллий қонунчилик, халқаро амалиёт ва Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) тавсияларига мувофиқ лойиҳа ҳужжатлари, лойиҳа ечимлари ва хавфсизликни асослаш материалларини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган.

Экспертизада хорижий мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Россиянинг Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази экспертлари иштирок этгани таъкидланмоқда.

Аввалроқ қўмита «Атом электр станциясини қуриш дирекцияси» давлат муассасаси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳужжатларини ўрганиб чиққан эди. Экспертиза натижаларига кўра, 23 март куни ядровий қурилмаларни жойлаштириш учун мўлжалланган майдондан фойдаланишга рухсат берилди.

АЭС лойиҳасини амалга оширишнинг барча босқичларида ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш устидан назорат Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига юклатилган. Идора лицензия шартларига, қурилишда хавфсизлик талабларига риоя этилиши, шунингдек, аҳоли ва атроф-муҳит хавфсизлиги таъминланиши устидан доимий давлат назоратини амалга ошириши керак.

Ўзбекистонда жаҳон амалиётида илк марта бир майдонда умумий ўрнатилган қуввати қарийб 2,1 минг МВт бўлган иккита катта қувватли ВВЭР-1000 ва иккита кичик қувватли RITM-200N энергоблокларини жойлаштириш режалаштирилмоқда. Комбинацияланган конфигурация йилига 15 миллиард кВт·соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бериши кутилмоқда. Лойиҳанинг бош пудратчиси «Атомстройэкспорт» АЖ (Россия) ҳисобланади.

Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») март ойи охирида Тошкентда атом ва унга боғлиқ соҳаларда ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни, шунингдек, атом электр станциясини қуриш бўйича шартномага қўшимча келишувни имзолаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид