Соғлом ҳаёт | 19:55 / 07.11.2025
4463
4 дақиқада ўқилади

“Йодли сетка” шамоллашни даволайдими?

Куз-қиш мавсумида шамоллаш ҳолатлари кўпайган вақтда одамлар орасида синовдан ўтган “халқона усуллар” яна оммалашади. Улардан бири тана ёки томоқ атрофига “йодли сетка” чизиш амалиётидир. Мазкур “терапия”дан фойдаланадиганлар “бу усул шамоллашнинг олдини олади” деб ҳисоблайди. Хўш, у ҳақиқатан ҳам фойдали ва хавфсизми? Вирусли инфекцияларни бартараф этадими? Ушбу мақолада айнан шу ҳақида сўз боради.

Фото: Getty images

“Йодли сетка” – бу терига йод эритмасини панжара шаклида суртиш амалиёти. Одатда. у бўйин, кўкрак, орқа қисм, оёқ ёки товон соҳаларига қўлланади. Аҳоли орасида бу усул “шамоллашни даволайди”, “иситмани туширади”, “иммунитетни кучайтиради” деган қарашлар мавжуд. Аслида йод тери орқали маълум даражада сўрилади, аммо бу миқдор касалликни даволашга етарли бўлмайди.

Йодли сетка (povidone-iodine) аслида ташқи терига қўлланадиган антисептик восита бўлиб, асосан бактериялар ва баъзи бошқа микроорганизмларга қарши ишлайди. У тери инфекцияларини олдини олиш ва даволашда кенг қўлланади: кеcиклар, чандиқлар, тирналишлар, яллиғланган тери, шунингдек, жарроҳлик олди ёки жарроҳликдан кейинги тери тайёргарлигида самарали ҳисобланади.

Йод моддасининг антисептик таъсири эса бактерияларни йўқ қилиш ёки уларнинг кўпайишини тўхтатишга қаратилган бўлиб, терини ҳимоя қилади.

Манбаларда қайд этилишича, йодли сетка фақат ташқи ҳудуд учун мўлжалланган антисептик, яъни у бактерияларни тери юзасида йўқ қилади, аммо вирусли шамоллаш ёки грипп каби касалликларни бартараф эта олмайди. Йодни тананинг исталган қисмига суртиш шамоллашни тўхтатмайди. Аксинча, айрим ҳолларда (меъёрдан ортиқ ишлатилганда) тери куйиши, аллергик реакцияларга олиб келиши мумкин. Айниқса, болалар териси жуда нозик бўлгани учун бундай муолажалардан ўта эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур.

Уни терининг катта майдонларига суркаш ёки узоқ муддат қўллаш тавсия этилмайди, болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ортиқча фойдаланиши қалқонсимон без фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки йод моддасининг меъёрдан кўп миқдори организмда гормонлар мувозанатини бузади. Шу сабабли йодли сетка фақат ташқи қўлланадиган антисептик восита сифатида ишлатилади ва унинг вирусли касалликларни олдини олиш ёки даволаш учун самарадорлиги илмий жиҳатдан исботланмаган.

Нотўғри қўллаш оқибатлари

Баъзи ҳолларда одамлар йодли сеткани ҳар куни ёки кунига бир неча марта суртишади. Бу эса:

  • тери куйиши;
  • тўқималарнинг яллиғланиши;
  • аллергик тошмалар;
  • йод токсикозига олиб келиши мумкин.

Йодли сеткадан фойдаланиш тавсия этиладиган вазиятлар:

  • Кеcиклар ва чандиқлар: тери юзасидаги кичик жароҳатларда микробларни йўқ қилиш ва инфекциянинг олдини олиш учун;
  • Тирналишлар: майда кесиқларда бактериал инфекцияни камайтириш мақсадида;
  • Яллиғланган тери: бактериал инфекция хавфи бўлган яллиғланган жойларни тозалаш ва дезинфекция қилишда;
  • Жарроҳлик ёки тиббий процедуралар олдидан: операция ёки тиббий муолажа аввалида терини антисептик билан тозалаш орқали инфекция хавфини камайтиришда;
  • Инфекцияга мойил майдонлар: яралар, очиқ терига бактериал инфекция тушишининг олдини олиш учун.

Нима қилиш керак?

Уй шароитида шамоллаш ва гриппнинг олдини олиш учун бир нечта самарали чораларни амалга ошириш мумкин. Аввало, гигиена қоидаларига риоя қилиш муҳим: қўлни тез-тез ва совун билан ювиш, бурун, кўз ва оғизга ифлос қўл билан тегмаслик, шахсий буюмларни бошқалар билан бўлишмаслик лозим.

Шунингдек, уй ҳавосини тоза ва нам тутиш тавсия этилади, хонани тез-тез шамоллатиш ва ҳаво қуруқлашнинг олдини олиш зарур.

Иммунитетни мустаҳкамлаш ҳам профилактикада катта рол ўйнайди: мева ва сабзавотларга бой рацион, C ва D витамини билан организмни тўйинтириш, етарли уйқу, стрессни камайтириш ва мунтазам жисмоний фаоллик фойдали ҳисобланади.

Изоляцион муҳит ҳам муҳим: касал одамлар билан яқин алоқани чеклаш ва юзга ифлос қўл билан тегмаслик вирусларнинг юқишини камайтиради.

Мавзуга оид