Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лондон Сурия президентига нисбатан санкцияларни бекор қилди — навбат ЕИга
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа ва ИИВ раҳбари Анас Ҳаттобдан санкцияларни олиб ташлаганидан кейин улар Лондоннинг санкция рўйхатидан ҳам чиқарилди. ЕИ ҳам чекловларни бекор қилишга тайёрланмоқда.
Фото: AP
Буюк Британия Суриянинг вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шаръа ва мамлакат ички ишлар вазири Анас Ҳаттобга нисбатан санкцияларни бекор қилди. Бу ҳақда 7 ноябр куни эълон қилинган Британия Молия вазирлиги ҳужжатидан маълум бўлди. Шу каби қарорни бир кун олдин БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам қабул қилган эди.
Иккаласи аввал ИШИД ва “Ал-Қоида”га қарши жорий этилган молиявий чекловлар доирасига киритилган эди. Октябр ойида Буюк Британия 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятга келган гуруҳни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарган.
Reuters маълумотларига кўра, Еврoпа Иттифоқи ҳам аш-Шаръага нисбатан чекловларни бекор қилишга ҳозирланмоқда. “Биз ҳали ҳам сурияликлар раҳбарлиги ва тўғридан тўғри иштирокида амалга ошириладиган тинч ва инклюзив ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлашга содиқмиз. Бу барча сурияликлар учун яхшироқ келажак барпо этишга ёрдам беради”, — деди ЕК вакили.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 6 ноябр куни Суриянинг ўтиш давридаги раҳбари ҳамда амалдаги ички ишлар вазирига нисбатан санкцияларни бекор қилишни назарда тутувчи резолюцияни қабул қилди. АҚШ тайёрлаган ҳужжатни Россияни ҳам қўшган ҳолда 15 аъзодан 14 таси қўллаб-қувватлади. Хитой бетараф қолди. Резолюция матнида Сурия Араб Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва миллий бирлигига тўла ҳурмат ифодаланган.
Чора-тадбирлар Аҳмад аш-Шаръа ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги 10 ноябр куни Оқ уйда бўлиб ўтадиган учрашув олдидан кўрилди. Кутилишича, учрашувда ИШИДга қарши АҚШ бошчилигидаги коалицияга Суриянинг қўшилиши ҳақида битим имзоланади. Reuters таъкидлашича, ХК санкцияларни бекор қилиш учун овоз бермаган тақдирда ҳам Вашингтонга ташриф амалга оширилган бўлар эди. Аввалроқ ХК Санкциялар қўмитаси Сурия вақтинчалик ҳукумати раҳбарига саёҳат рухсатномаларини берган.
2024 йил охирида Башар Асадни ағдарган аш-Шаръа аввал Абу Муҳаммад ал-Жўланий номи билан танилган. Шу ном билан у 2003 йилда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларига қарши курашишни бошлаган. 2006 йилда у америкалик ҳарбийлар томонидан қўлга олиниб, Ироқда беш йил қамоқда ўтирган.
Мавзуга оид
14:58 / 02.12.2025
ЕИ Литвага қарши гибрид ҳужумлар сабаб Беларусга янги санкциялар тайёрламоқда
14:47 / 02.12.2025
Wise Россия ва Беларус фуқароларининг карталарини ЕИ санкциялари асосида блоклади
11:39 / 01.12.2025
АҚШ ва Сурия қўшма операцияси: ИШИД қурол омборларига зарбалар берилди
09:50 / 24.11.2025