Жаҳон | 14:42 / 08.11.2025
1561
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Россия активларини доимий музлатиб қўйишни таклиф қилди

Брюссел ЕИдаги Россия маблағларини доимий «музлатиб қўйиб», улардан тушадиган даромадни Украинага кўмакни молиялаштиришга йўналтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу схемадан воз кечиш ЕИ учун йилига 5,6 млрд евро қўшимча харажат келтириши қайд этилган.

Фото: European Union 2025 - Source : EP

Европа Иттифоқида музлатилган Россия активларидан фойдаланишнинг асосий шарти – уларни доимий тарзда «музлатиб қўйиш» ва ҳозирги олти ойлик муддатлардан узоқроқ блоклашга имкон берадиган ҳуқуқий механизм яратишдир. Бу ҳақда 7 ноябр куни The Financial Times (FT) Еврокомиссия ҳужжатига таянилган ҳолда хабар берди.

ЕК Украинага ёрдамни молиялаштириш мақсадида Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланишдан воз кечиш оқибатлари юзасидан ҳисобот тайёрлади. Ҳужжат декабр ойида бўлиб ўтадиган ЕИ раҳбарлари саммити олдидан аъзо давлатларга юборилган.

Унда қайд этилишича, агар икки йил ичида Белгиядаги Euroclear депозитарийида блокланган маблағларнинг бир қисмидан фойдаланиш режаси амалга ошмаса, иттифоқ давлатлари ё биргаликда қарз олишни келишиб, миллий бюджетлар қарз юкини ошириши, ёки Украинага умумий 140 млрд евро миқдорида тўғридан тўғри грант ажратиши керак бўлади.

Еврокомиссия баҳосига кўра, ҳар икки вариант ҳам қўшимча харажатларга олиб келиб, айрим мамлакатлар кесимида дефицит ва қарз даражасига таъсир кўрсатади. Биргаликда олинган қарз ЕИ мамлакатларига йилига тахминан 5,6 млрд евро тушади: шундан Франция деярли 1 млрд евро, Италия 675 млн евро атрофида, Белгия эса тахминан 200 млн евро тўлайди.

ЕКнинг таъкидлашича, 140 млрд евро миқдоридаги заём молия бозорларида қўшимча таъсирлар юзага келтириши ва ЕИ одатдаги заёмларини жойлаштириш ставкаларига таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, бундай қарор иттифоқнинг бошқа дастурлари учун «қўшимча билвосита харажатлар»ни ҳам келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Бундан олдин Белгия расмийлари Россия активлари ҳисобидан 140 млрд евро кредит ажратиш таклифини мамлакат иқтисодиёти учун эҳтимолий оқибатлар ва Москва томонидан кутилаётган жавоб чоралари хавфи сабаб рад этган эди. Брюссел, шунингдек, бундай маблағлардан фойдаланиш Euroclear’нинг халқаро депозитарий сифатидаги обрўсини сусайтириши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Москва эса бир неча бор хориждаги активларидан ҳар қандай фойдаланишни «ўғрилик» деб атаган. БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йилда Украинага етказилган зарарни қоплаш зарурлиги ҳақида резолюция қабул қилганидан сўнг, Кремл ҳужжатнинг ҳуқуқий кучи йўқлигини айтиб, унинг муаллифларини Россия активларини «талон-торож қилишга уринишда» айблаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид