Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лондон санкциялар шароитида РФдан авиация техникаси харидини текширмоқда
Буюк Британия ҳукумати маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида мамлакатга Россиядан етказиб беришларнинг деярли ярми авиация техникасига тўғри келган. Ҳозирча расмийлар бу харидлар санкциялар режими доирасида рухсат этилгани ёки этилмаганини айта олмаяпти.
Фото: Tom Nicholson/REUTERS
Буюк Британия ҳукумати Москвага нисбатан жорий этилган санкциялар бузилган-бузилмаганини, яъни рус авиация техникасини сотиб олиш билан боғлиқ ҳолатни аниқлашга уриняпти. Бу ҳақда The Observer газетаси 9 ноябр куни хабар берди.
Нашр келтирган Тижорат ва бизнес бўйича вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йил январ–июн ойларида Россиядан Буюк Британияга 80 млн фунт стерлинг (тахминан 91 млн евро) қийматида товар киритилган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,2 фоизга кўп. Шу сумманинг деярли ярми — 36,3 млн фунт стерлинг (41,3 млн евро) — авиация техникаси улушига тўғри келади. Бу аниқ қайси турдаги техника экани очиқланмаган.
Британиялик расмийлар ким харид амалга оширгани ва у мамлакатнинг санкциялар режимига мувофиқ бўлгани ёки бўлмагани ҳақида маълумот бера олмади. Мазкур режим авиация маҳсулотлари ва технологияларини, шунингдек, Россияга “сезиларли даромад келтирадиган” ҳар қандай бошқа товарларни сотиб олишни тақиқлайди.
Буюк Британия ҳукумати вакили чеклов чораларига риоя қилмаслик йирик жарималар ва ҳатто жиноий таъқибга олиб келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик эканини эслатди. “Британия компаниялари томонидан талабларга риоя этилмагани тўғрисидаги хабарларни жуда жиддий қабул қиламиз. Ҳар қандай компания савдо санкцияларини бузган бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган фуқароларни бу ҳақда ҳукуматга хабар беришга чақирамиз”, — деди у.
The Observer таъкидлашича, бу — Украинадаги уруш муносабати билан санкциялар жорий этилганидан бери Россиядан Буюк Британияга авиация техникаси импорти бўйича биринчи эҳтимолий ҳолат.