Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда нарколаборатория фош этилди
Гулистон шаҳрида нарколаборатория аниқланиб, у ердан қарийб 4,4 кг мефедрон синтетик гиёҳванд воситаси топилди. Нарколабораторияда МДҲ давлатлари бўйлаб синтетик наркотиклар сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ етказиб берган хомашёдан гиёҳванд воситалари тайёрланган.
Фото: ДХХ
Сирдарёда нарколаборатория, Наманганда эса наркосавдогарлар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Гулистон шаҳрида яшовчи 30 ёшли шахс ва унинг 29 ёшли турмуш ўртоғи 1995 йилда туғилган фуқаро билан келишган ҳолда, унинг хонадонида синтетик наркотик моддалар тайёрлаб, “закладка” тарзида мижозларга етказиб бериш билан шуғулланишган. Ушбу нарколабораториядан 4 кг 373 гр мефедрон синтетик гиёҳванд воситаси, электрон тарози, миксер, противогаз, зип-пакет ва қадоқлашда ишлатиладиган бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.
Оғуфурушлар бу ерда МДҲ давлатлари бўйлаб интернет тармоғида синтетик наркотиклар сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ томонидан хориждан юборилган хомашёлардан фойдаланиб, гиёҳванд воситалари тайёрлашган.
Ҳозирда мазкур 3 нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Чегара қўшинлари, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Учқўрғон туманида яшовчи 50 ёшли шахс “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг Уйчи тумани Янгиер маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисми орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга қонунга хилоф равишда кириб келган вақтида тўхтатиб қолинган.
Ушбу шахс текширилганида унинг ёнида бўлган сумка ичида 9 кг 702 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми ва 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Яна бир ҳолатда эса Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро Қирғизистондан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда қилинган, тахминий қиймати 3,2 млрд сўмдан ортиқ бўлган 24 122 дона “Регапен” ва 4880 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 45 турдаги жами 61 287 дона контрафакт дориларни қабул қилиб олиб, кетмоқчи бўлган вақтида ушланган.
Шундан сўнг, ушбу дори воситаларини буюртма қилган шахслар ва курерларни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир давом эттирилган. Натижада Наманган шаҳри ва Косонсой туманида яшовчи 5 нафар фуқаро аниқланиб, улар хақиқатан ҳам кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва контрафакт дориларни Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона водийси вилоятларида сотиш билан шуғулланишлари маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
09:36
Венгриянинг “смарт қишлоқ” тажрибаси Сирдарёда синаб кўрилади
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
13:51 / 04.12.2025
Шавкат Мирзиёев биоаксал полипропилен плёнка ишлаб чиқарадиган ягона корхона фаолияти билан танишди
12:16 / 04.12.2025