Иқтисодиёт | 07:31 / 11.11.2025
9970
2 дақиқада ўқилади

“Мева бум”и: Хитой улуши глобал савдони ўзгартирмоқда

Дунёда олмага бўлган иштаҳа ўсишда давом этмоқда — ва бу “мева бум”ининг марказида Хитой турибди. Яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, фақатгина Хитой 2024 йили тахминан 48 миллион тонна олма ҳосили олган — бу жуда катта ҳажм бўлиб, уни дунёнинг барча мамлакатлари орасида шартсиз етакчига айлантиради.

Фото: iStock

Таққослаш учун: юқоридаги инфографикада бошқа минтақалар бўйича кўрсаткичлар келтирилган — Европа Иттифоқи йилига тахминан 11,1 миллион тонна, АҚШ — тахминан 4,9 миллион тонна, Туркия — тахминан 4,2 миллион тонна, Ҳиндистон — тахминан 2,5 миллион тонна, Россия эса — 1,6 миллион тонна олма етиштирмоқда.

Бу рақамлар Хитойнинг жаҳон олма бозорида қай даражада кучли позицияларни эгаллаганини яққол кўрсатади ва мева савдосининг глобал оқимларидаги эҳтимолий ўзгаришлардан дарак беради. Хитойда ҳосилнинг барқарор юқори ҳажмлари янги, ҳосилдор навлар ва боғдорчиликнинг замонавий усуллари ҳисобига таъминланмоқда — ҳатто эски боғлар қисқаришига ёки хўжаликлар йириклашишига қарамасдан.

Айни пайтда бошқа йирик етиштирувчилар қийинчиликларга дуч келмоқда. Масалан, ЕИ мамлакатларида 2025 йили олма ҳосили уруғланиш муаммолари ва баҳорги совуқлар туфайли бир миллион тоннага яқинга камайиши кутилмоқда.

Бу жараёнлар кенгроқ жаҳон тенденциялари — истеъмолчилар кайфияти ўзгариши, янги органик маҳсулотларга талаб ўсиши ва савдо сиёсати билан боғлиқ таъминот занжирлари муаммолари фонида кечмоқда. Масалан, Хитой ўз ишлаб чиқаришини ошириб боргани сари, импорт олмалар ва бошқа мевага бўлган эҳтиёжи ўзгариши мумкин, бу эса бутун дунёдаги экспортчиларга таъсир қилади.

Кучайиб бораётган иқлим хавфларини — қурғоқчилик, совуқ уриши ва об-ҳаво аномалияларини ҳисобга олганда, олма етиштириш ҳам таҳдидлардан холи эмас. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ташқи қишлоқ хўжалиги хизмати (USDA) ҳисоботида таъкидланишича, 2025 йилда жаҳон миқёсида олма етиштириш ҳажми тахминан 84 миллион тонна атрофида сақланиб қолиши кутилаётган бўлса-да, айрим минтақалардаги йўқотишлар бошқаларидаги ўсиш ҳисобига қопланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид