Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ню-Делининг туристик ҳудудида портлаш: саккиз киши ҳалок бўлган
Ҳиндистон пойтахти Ню-Дели шаҳрининг диққатга сазовор жойлардан бири бўлган Қизил қалъа яқинида автомобил портлаши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди ва камида 20 киши жароҳатланди. Ҳиндистон полицияси портлаш сабаблари бўйича «барча эҳтимолий версиялар кўриб чиқилаётгани»ни маълум қилган.
Фото: EPA
10 ноябр куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 атрофида Hyundai i20 русумли автомобил тарихий қалъа яқинида жойлашган метро бекатига кираверишдаги гавжум кўчада светофорда турганида портлаб кетган. Машина ичида уч киши бўлган. Портлаш тўлқини атрофдаги автомобилларга ҳам зарар етказган, бир неча машина ва моторикшалар ёниб кетган.
Эски Деҳли ҳудудидаги Қизил қалъа (ёки Лал-Қалъа) – 17 асрда Бобурийлар империяси даврида қурилган бўлиб, сайёҳлар орасида машҳур.
Ҳар йили анъанага кўра, 15 август куни Ҳиндистон Мустақиллик кунида Ҳиндистон бош вазирлари Қизил қалъа истеҳкомидан туриб халққа мурожаат қилишади.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, машина кўчада секин ҳаракатланиб келиб, светофорнинг қизил чироғида тўхтаган ва портлаш содир бўлган.

Портлаш ҳудуди полициячилар томонидан ўраб олинган.
Ҳиндистоннинг NDTV телеканали маълумотига кўра, ушбу автомобил эгаси қўлга олинган. The Times of India нашри қайд этишича, ушбу автомобил бир неча марта қўлдан қўлга ўтган – бу эса автомобилга ўрнатилган қўлбола бомба билан теракт содир этадиган террорчиларга хос усул ҳисобланади.
Ҳиндистон пойтахтида кучайтирилган тревога эълон қилинган, бошқа штатларда, хусусан, Тож Маҳал жойлашган Уттар-Прадеш ва Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти Мумбайда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Мамлакат бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
Ички ишлар вазири Амит Шоҳ сешанба куни эрталаб унинг идорасининг юқори мартабали ходимлари йиғилиши ўтказилишини айтди.
«Биз барча эҳтимолий версияларни ўрганмоқдамиз ва батафсил текширув ўтказамиз. Ҳодисанинг барча версиялари ўрганилади ва биз унинг натижаларини жамоатчиликка тақдим этамиз», – деган у.