Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Nord Stream иши: Италиядаги украиналик қамоқда очлик акциясини тўхтатди
Италияда «Шимолий оқимлар»ни портлатиш иши доирасида қўлга олинган украиналик Сергей К. қамоқда сақлаш шароитларига норозилик сифатида эълон қилган очлик акциясини тўхтатди. Италия унинг ҳуқуқларига риоя қилишини ваъда берди.
49 ёшли украиналик Сергей К. Италияда «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидаги портлашлар иши бўйича гумонланувчи сифатида қўлга олинганидан сўнг, қамоқда сақлаш шароитлари ва асосий ҳуқуқлари бузилаётганига нисбатан норозилик белгиси сифатида бошлаган очлик акциясини тўхтатди. Бу ҳақда 11 ноябр куни ANSA ахборот агентлигига украиналикнинг адвокати Никола Канестрини хабар берди.
Ҳуқуқшуноснинг айтишича, акция давомида Сергей К. тўққиз килога озди. У очликни тўхтатишга Италия унинг ҳуқуқларига тўла риоя этилишини, жумладан эҳтиёжларига мос озиқланиш масаласида, таъминлашга ваъда берганидан кейин қарор қилган.
ANSA ёзишича, Сергей К. қамоқхонaдан қилган мурожаатида уни қўллаб-қувватлаган ва ҳамдардлик билдирган барчага миннатдорчилик айтган.
Канестрини 4 ноябр куни маълум қилганидек, унинг 49 ёшли мижози 31 октябрдан буён овқатланишдан бош тортган ва очлик орқали ўзининг асосий ҳуқуқлари таъминланишига эришмоқчи бўлган. Украиналик, жумладан, «тўғри озиқланиш, соғлом муҳит ва муносиб сақлаш шароити, оила билан учрашув ва ахборотга тенг кириш ҳуқуқи»ни талаб қилган.
Адвокатга кўра, Сергей К. август ойида қўлга олинганидан бери унга зарур парҳез таомлар берилмаган, бу эса соғлиги ёмонлашувига олиб келган. У Италия шимолидаги қатъий режимдаги қамоқхонада сақланмоқда.
8 ноябр куни Украина Олий радаcи ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Италиядан ҳамюрти ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилди. Омбудсман Сергей К.нинг ҳолати яхши эмаслигини таъкидлади. «Сергейни қатъий режим колониясида ва номутаносиб шартларда сақлашга йўл қўйиб бўлмайди. Бу Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенцияга зид!» — деди Лубинец.
27 октябр куни Италия суди Сергей К.ни ГФРга экстрадиция қилишга розилик бергани ҳақида Канестрини хабар қилган. Ҳимоя тараф яна бир бор мамлакатнинг энг юқори суд инстанцияси — Италия Олий судига шикоят қилиш ниятида.
Римдаги Олий суд 15 октябр куни украиналикни ГФРга топшириш ҳақидаги қуйи инстанция қарорини бекор қилиб, ишни бошқа судда қайта кўриб чиқишга йўллаган эди. Кассация суди бундай қарорни қўлга олиш ва кейинги суд жараёнида гумонланувчи ҳуқуқлари бузилгани билан изоҳлаган, деб маълум қилган эди Канестрини.
Римдаги навбатдаги суд мажлиси қачон бўлиши ҳозирча номаълум. Адвокатнинг айтишича, «суд бу ишда халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари масалаларини кўриб чиқмагунича» таслим бўлмайди, деб ёзади dpa. Агар иш ГФР судигача етса, эҳтимол, у Ҳамбургда кўриб чиқилади. Германиянинг Федерал прокуратураси Сергей К.nи портлашларда шериклик ва конституциявий тузумга қарши бузғунчилик фаолиятида айбламоқда.
Сергей К. Адриатика денгизи бўйида, оиласи билан дам олаётган пайтда ушланган. Немис терговчилари маълумотича, у етти кишидан иборат гуруҳга, жумладан тўртта сувости ғаввосига раҳбарлик қилган. Режани амалга ошириш учун улар Германияда Andromeda номли яхтани ижарага олиб, Болтиқ денгизи томон йўл олган.
Бу иш бўйича бошқа гумонланувчи — аввал Полшада қўлга олинган 46 ёшли украиналик Владимир Ж.ни Германияга экстрадиция қилишдан Варшава суди октябр ўрталарида бош тортган ва уни қамоқдан чиқаришга қарор қилган. Судя Дариуш Любовский Берлиннинг экстрадиция сўровини «кўриб чиқишга арзимайди», деб баҳолаган. Полша бош вазири Дональд Туск суд қарорини тўғри деб атаган.
«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларида 2022 йил кузида рўй берган портлашлар халқаро миқёсда катта резонанс келтириб чиқарди. Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан ярим йил ўтгач, Болтиқдаги Борнхолм ороли яқинида бир нечта сувости портлашлари қувурларга зарар етказди. Кейинроқ қувурларнинг тўрт тармоғидан учтасида сизиб чиқишлар аниқланди ва улар орқали газ ташишнинг иложи бўлмай қолди.
Мавзуга оид
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
10:10 / 18.06.2026
Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
22:05 / 29.05.2026