Жаҳон | 14:53 / 12.11.2025
5284
3 дақиқада ўқилади

Ереванда чечен қизнинг ўлдирилиши: жиноят иши қўзғатилди

Арманистон Тергов қўмитаси 23 ёшли Айшат Баймурадовани ўлдиришга алоқадор бўлиши мумкин икки шахсга нисбатан жиноят ишини қўзғатди. Айшат зўравонликдан қочиб, Чеченистондан келган эди.

Фото: Arshaluis Mghdesyan/DW

Арманистон Тергов қўмитаси Ерeванда октябр ойида жасади топилган 23 ёшли чечен қиз Айшат Баймурадовани ўлдиришга эҳтимолий алоқадорлик бўйича икки кишига нисбатан жиноят ишини қўзғатганини 11 ноябр куни «СК SOS» ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси қўмита жавобига таянилган ҳолда хабар қилди.

Аниқланишича, иш оғирлаштирувчи ҳолатлар билан қасддан одам ўлдириш моддаси бўйича очилган. Терговчилар гувоҳлардан кўрсатма олгани ва квартирада тинтув ўтказганини билдирган. Шунингдек, қурбон жасади бўйича суд-тиббий экспертиза, воқеа жойида топилган бармоқ излари бўйича суд-генетик экспертиза тайинланган.

Исмлар ошкор этилмаган бу иш бўйича икки фигурант қидирувга берилган.

Жорий йил январидан Арманистонда яшаб келган Баймурадованинг йўқолгани ҳақида 17 октябр куни ижара уйидаги қўшнилари хабар берган. Уларнинг айтишича, 15 октябр куни Айшат Instagram орқали таниш бўлган бир аёл билан учрашувга кетган ва уйга қайтмаган. Ерeванда йўқолган қиз сурати акс этган, у Чеченистондан уй зўравонлигидан қочиб келгани ҳақида ёзилган варақачалар илинган. 20 октябр куни Арманистон полицияси Баймурадова жасади ижара уйидан топилганини маълум қилди. «Кавказ без матерей» лойиҳаси асосчиси Лидия Михалченко журналистларга қизни бўғиб ўлдиришганини айтди. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи эркак ва аёл, эҳтимол, Россияга кетиб қолган.

Арманистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, Ҳелсинки фуқаролик ассамблеяси Ванадзор офис раҳбари Артур Сакунц DW'га маълум қилишича, Баймурадовани чақириб, унга нисбатан жиноят содир этишга ёрдамлашгани тахмин қилинаётган аёлнинг исми Карина Иминова. Ҳуқуқ ҳимоячилари 31 ёшли мана шу исмга эга аёлга нисбатан Россияда 2021 йилда «пичоқ ишлатиб ўлдириш билан қўрқитиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини аниқлаган.

Telegram’даги «Осторожно, новости!» канали ёзишича, Баймурадова ўлдирилган деб тахмин қилинаётган куни жасад топилган квартирадан икки киши чиққан — буни камера кузатуви қайд этган. Бу Иминова ва Чеченистонда туғилган 30 ёшли Саид-Хамзат Байсаров экани айтилмоқда. Канал маълумотига кўра, 2018 йилда Байсаров Россияда тақиқланган ИШИД ташкилотини молиялаштириш ишида тилга олинган, аммо Москва суди унга қўйилган айбловларни кейинроқ бекор қилган. Шунингдек, унга нисбатан маст ҳолда машина ҳайдаш ва талончилик моддалари бўйича ҳам ишлар очилгани ёзилади. Канал Иминова ва Байсаров Арманистонни «осонгина тарк этиб», РФга қайтиб кетганини ҳам билдирди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид