Жаҳон | 10:20 / 13.11.2025
2658
7 дақиқада ўқилади

“Энергоатом”даги коррупция можароси — Киев учун синов

Энергетика соҳасида коррупцияни фош этган НАБУнинг “Мидас” операцияси натижалари Украинада ғазаб, норозилик, ҳукумат истеъфоси талаблари ва президентнинг шахсий жавобгарлиги ҳақидаги даъволар билан қарши олинди.

Фото: Энергоатом матбуот хизмати

“Энергоатом” миллий энергетика компаниясида йирик коррупция схемаси фош этилгандан кейин Украинадан янгиликлар бирин-кетин келмоқда: етти нафар шахс гумонланяпти, улар орасида президент Володимир Зеленскийнинг сафдоши Тимур Миндич ва собиқ бош вазир ўринбосари Алексей Чернишов бор. Беш киши қўлга олинди. Президент Зеленский тергов даврига вазифасидан вақтинча четлатилган адлия вазири Герман Галушченко ва энергетика вазири Светлана Гринчук истеъфога чиқиши кераклигини билдирди. 12 ноябр куни бош вазир Юлия Свириденко вазирлар тегишли аризаларни аллақачон топширганини маълум қилди.

Украина ҳукумати навбатдан ташқари йиғилишда 100 фоиз акцияси давлатга тегишли компаниянинг кузатув кенгаши ваколатларини тўхтатиш ва тезкор аудит ўтказиш — жумладан амалга оширилган харидларни текшириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу — Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси (НАБУ) ва Ихтисослашган антикоррупция прокуратураси (САП) томонидан амалга оширилган “Мидас” операциясининг илк натижаларидир.

Тергов маълумотларига кўра, ҳокимиятга яқин шахслар кирган жиноий ташкилот вакиллари “Энергоатом” контрактлари қийматининг 10–15 фоизи миқдорида “откат” талаб қилган. Хусусан, контрагентларга кўрсатилган хизматлар ва етказилган товарлар учун тўловларни блоклашдан қочиш ёки етказиб берувчи мақомини сақлаб қолиш шарти сифатида “откат” тўлаш мажбурияти юкланган. Буларнинг барчаси Россия ҳужумлари оқибатида бутун Украина бўйлаб кенг кўламли электр узилишлари кузатилаётган, энергетик объектларнинг кўпчилиги етарли даражада ҳимояланмаган бир пайтга тўғри келди.

Сиёсий доираларда реакция узоққа чўзилмади. Ҳатто президентга яқин “Халқ хизматкори” партияси сафларидан ҳам танқид янгради. Олий Рада коррупцияга қарши сиёсат қўмитаси раиси, мазкур фракция депутати Анастасия Радина, хусусан, ҳукумат ҳаракатларидан норозилигини билдирди.

«Адлия вазирини ҳукумат томонидан ваколатдан четлатиш — етарли эмас. Икки (!) вазир ё истеъфо бериши, ёки Олий Рада томонидан бўшатилиши лозим», — деб ёзди Радина Facebook’да. У Галушченко билан бирга исми НАБУ ва САП эълон қилган аудиоёзувларда бевосита айтилмаган бўлса-да, билвосита тилга олинган энергетика вазири Светлана Гринчукни ҳам назарда тутган.

Мухолифат янада қаттиқроқ танқид билан чиқди. “Оқимлар (пул оқимлари) ишқибозлари жамоаси ҳеч қандай хариддан тийилмаган. Ҳимоя иншоотлари? Албатта, “пулни ерга кўмиш” (ёзувлардаги фигурантлардан бирининг сўзлари). Лекин зарур бўлса, бу ерда ҳам “ўзимизникини” — 15 фоизни бой бермаслик керак. Қизиғи, НАБУнинг янги фош этишларидан сўнг президент ким аниқ энергетиканинг муҳим ускуналарини ҳимоя қилишни таъминламагани ҳақида тушунтириш берадими?” — деди “Голос” фракцияси депутати Инна Совсун.

Совсун фикрича, “Энергоатом”даги коррупция схемаси “юқори кабинетлар”сиз амал қилиши мумкин эмас эди, шунинг учун ҳарбий вақтдаги тизимли коррупция учун фақат ижрочилар эмас, барча бенефициарлар ҳам жавоб бериши керак. «Юқорида ўтирганлар. Умид қиламанки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларнинг алоқадорлигини исботлай олади. Чунки уруш пайтида, инсон ҳаёти хавф остида қолган бир вазиятда кимдир фақат “откатлар”ни ҳисоблаган бўлса — жамият сабри тугаган», — деди у.

“Голос” депутати Ярослав Железняк Галушченко ва Гринчукни бўшатиш ташаббуси билан чиқиб, тегишли аризаларни Радага киритди. “Европейская солидарность” мухолиф партияси эса бутун ҳукуматни истеъфога чиқариш жараёнини бошлаётганини билдирди. “Европейская солидарность” бугунги воқеалар — давлатга хиёнат даражасига тенг — улар юзасидан президентдан аниқ ва самарали реакция талаб қилади. Акс ҳолда, биз шериклар ишончини, халқаро қўллаб-қувватлашни йўқотамиз, уларсиз Украина умидсиз”, — дейилади партия баёнотида.

Transparency International Украина ижрочи директори ўринбосари (юридик масалалар) Екатерина Риженко DW’га берган интервюсида халқаро ва ички ишончни йўқотиш хавфи ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, энергетикада — юқори мансабдорлар иштирокида яна бир коррупция схемасининг фош этилиши Украина томонидан энергетика тизимини ҳимоя қилишга ёрдам сўралаётган бир пайтда узоқ муддатли оқибатларга олиб келади.

«Мудофаа ва энергетика харидларидаги навбатдаги коррупция можароси бизга коррупцияга қарши самарали курашаётган мамлакат образини мустаҳкамлашга ёрдам бермайди. Схема кўламини ҳисобга олганда, у вакуумда ишлаганини тасаввур қилиш қийин — сиёсий раҳбарият, президент ва маслаҳатчилари билмаган бўлса, нима учун билмаган?» — деди Риженко.

У, шунингдек, ёз мавсумида ҳокимиятнинг НАБУ ва САП мустақиллигини чеклашга уриниши билан “Мидас” натижалари ўртасида боғлиқликни кўрди. «Ўшанда бу иш НАБУ ва САП томонидан аллақачон тергов қилинаётган эди ва, менимча, антикоррупция органлари мустақиллигини бузишга уриниш — фигурантларнинг улар фаолиятидан норозилиги натижаси эди. Яхшики, фуқароларнинг норозилик намойишлари туфайли иш “ўлмай” қолди», — деди у.

“Пента” амалий сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари, сиёсатшунос Владимир Фесенко фикрича, ҳозирги асосий чақириқ — тўлақонли тергов ва кейинги суд жараёни заруратини уруш пайтида нисбатан сиёсий барқарорликни сақлаш билан мувозанатлаштириш, бошқарув инқирозининг олдини олишдир.

У, шунингдек, “Мидас” иши келажакда — айниқса, уруш тугаганидан кейинги сайловлар арафасида сиёсий можаролар катализаторига айланиши мумкинлигини истисно этмади. Унинг фикрича, Миндичнинг президент жамоасига яқинлиги сабабли бу тергов Володимир Зеленский учун жиддий сиёсий риск ҳисобланади. «Тергов ойларча, суд йилларча давом этади — бу ишни келажакдаги сайловларда Зеленский учун “кечиктирилган портлаш”га айлантиради», — деди Фесенко.

Таҳлилчи ва инвестиция банкири Сергей Фурса эса НАБУ тергови фақат президент рейтингига эмас, давлат бошқарувига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаб, ҳокимиятни қатъий ва очиқ ҳаракат қилишга чақирди. «Уруш пайтида Украина ҳокимияти легитимлик қолдиқларини йўқотишига йўл қўя олмаймиз. Акс ҳолда, Биринчи жаҳон уруши сценарийси — дезертирлик, умидсизлик ва сиёсий хаос такрорланиши хавфи бор. Ҳокимият НАБУ фош этишларига тўғри жавоб бериши керак. Асосийси — вазирларни бўшатиш. Бу биринчи ва шошилинч қадам. Йиллаб кутиладиган ҳукмлар ортига яшириниш мумкин эмас. Истеъфолар ва жамият ҳамда шериклар ишончини қозонадиган янги одамлар керак. Ва, албатта, НАБУ билан урушни тўхтатиш ҳам зарур», — деб ёзди Фурса Facebook’да.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид